Экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган янги ёндашув
Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, бошқарма бошлиғи Б. Муратов раҳбарлигида “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимини кенг жорий этиш масалалари бўйича сайёр ўрганишлар ташкил этилди.
Ушбу ўрганишлар доирасида Бухоро туманида жойлашган “Bct clusterfat and oil ” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти атрофлича таҳлил қилинди. Мазкур корхона пахта чигити, кунгабоқар ва соя каби хом ашёларни қайта ишлаш орқали ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, бугунги кунда ҳудуддаги йирик саноат субъектларидан бири ҳисобланади.

Корхона вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг афзалликлари, унинг иқтисодий самарадорлиги ҳамда амалда қўллаш тартиблари атрофлича тушунтириб берилди. Айниқса, ушбу режим орқали хориждан хом ашё олиб кириб, уни маҳаллий шароитда қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни ташқи бозорларга экспорт қилиш имкониятлари алоҳида таъкидланди.
Жумладан, пахта чигитини Озарбайжон Республикасидан, соя уруғини эса Қозоғистон Республикасидан импорт қилиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва экспорт географиясини янада кенгайтириш мумкинлиги қайд этилди.

Бу эса корхона фаолиятида қўшимча қиймат яратиш ва рақобатбардошликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, “Bct clusterfat and oil ” МЧЖ кунига 200 тоннагача хом ашёни қайта ишлаш қувватига эга. Ушбу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнини узлуксиз ташкил этиш ва барқарор хом ашё таъминотини йўлга қўйишда “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими муҳим ва самарали механизм сифатида хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур режимни амалиётга кенг жорий этиш маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиради, экспорт ҳажмларини оширади ва мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишига муносиб ҳисса қўшади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири