«Экоинтеллект» — ёшларнинг экологик маданияти ва масъулиятини юксалтириш майдони
Бугунги кунда экологик муаммолар тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётгани барчамизга маълум. Ана шундай вазиятда, аҳоли, айниқса ёш авлоднинг табиат ва атроф-муҳит муҳофазасига оид билимларини ошириш, уларда экологик маданият ва масъулиятни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси бир қатор ташаббус ва лойиҳаларни изчиллик билан амалга ошириб келмоқда. Жумладан, партия томонидан сўнгги икки йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Биз табиат ҳимоячиларимиз!» шиори остида «Экоинтеллект» заковат турнири мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
«Экоинтеллект» заковат турнири ёшлар ўртасида экологик билимларни кенг тарғиб этиш, табиатга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш ва интеллектуал салоҳиятни юксалтиришга хизмат қилмоқда. Мазкур интеллектуал беллашув қисқа вақт ичида ёшлар орасида ўз ўрни ва аудиториясига эга бўлиб, экологик мавзуларни қизиқарли ва интерактив шаклда тарғиб этишнинг самарали майдонига айланди.

Ўтган икки йил мобайнида ҳудудларда ўтказилган турнирларда жами 130 та жамоа ўзаро куч синашди. Беллашувларда 700 нафарга яқин талаба-ёшлар бевосита иштирок этган бўлса, 7 мингга яқин ёшлар томошабин сифатида қатнашиб, турнирнинг кенг қамровлилигини таъминлади.
Жорий йил сентябрь–октябрь ойларида «Экоинтеллект» турнири доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида интеллектуал беллашувлар ташкил этилди. Бу эса турнир географиясини кенгайтириш, кўпроқ ёшларни қамраб олиш ва уларнинг экологик билимларини синовдан ўтказиш имконини берди.

Интеллектуал лойиҳанинг пойтахтда бўлиб ўтган навбатдаги муҳим босқичида Тошкент шаҳридаги 40 га яқин олий таълим муассасаси ўз жамоалари билан иштирок этиб, билим, зукколик, тезкор фикрлаш ва жамоавий ҳамжиҳатлик борасида ўз имкониятларини намоён этди.
Беллашув давомида иштирокчилар табиат, биологик хилма-хиллик, иқлим ўзгариши, сув ва ер ресурсларини муҳофаза қилиш каби долзарб экологик мавзуларга оид билимларини намоён этди. Шу билан бирга, жамоада ишлаш, тезкор ва мантиқий фикрлаш, мавжуд муаммоларга ечим топиш кўникмаларини ҳам мустаҳкамлади.

Турнирда партия етакчиси А.Ҳамзаев ва фракция аъзолари ҳам иштирок этиб, мазкур лойиҳа ёшларнинг экологик билим ва дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг атроф-муҳит муҳофазасига бўлган масъулиятини ошириш, экологик маданиятини юксалтиришда муҳим эканини таъкидлади. Шунингдек, ёшларни табиат ҳимояси йўлидаги эзгу ташаббусларда фаол бўлишга чорлади.

Дарҳақиқат, бу каби интеллектуал экологик лойиҳалар ёшларда табиатга бефарқ бўлмаслик, экологик муаммоларга дахлдорлик билан ёндашиш ва атроф-муҳитни асраш масъулиятини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

М.Комилова,
ЎзА