Эҳтиёжмандларга амалий ёрдам кўрсатилди
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги хайрия тадбири ташкил этилиб, 35 нафар фуқарога меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш ва барқарор даромад манбаига эга бўлиш имконини берувчи асбоб-ускуналар ҳамда молиявий ёрдам топширилди.
Мазкур амалий кўмак ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш ва мустақил ҳаёт кечиришлари учун зарур шароит яратишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Тадбирда Сардоба тумани ҳокими Зиёдулла Каримов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Сирдарё вилояти бўлинмаси раҳбари Шавкат Мамараҳимов, шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Алишер Ирисметовлар иштирок этишди.
Таъкидланганидек, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда ўтказилаётган бундай тадбирлар ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.

– Тадбир давомида фуқароларга сантехника, электр ва пайвандчилик каби касблар бўйича зарур асбоб-ускуналар топширилди, – деди Алишер Ирисметов. – Бу уларга ўз меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш, даромад топиш ва жамиятдаги фаоллигини янада ошириш имконини беради.
Мутахассислар фикрича, бундай амалий ёрдамлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш билан бирга, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашни таъминлайди.
Ғулом Примов, ЎзА