Дзюдочиларимиз йил охиригача қандай йирик мусобақаларда қатнашади?
Жорий йил мамлакатимиз дзюдочилари учун ҳар жиҳатдан синовли ва ўта масъулиятли йил ҳисобланади.
Боиси, Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинларининг рейтинг очколари учун кураш бошланган айни йилда дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг бир қатор вазн тоифаларида авлодлар алмашинуви юз бераётган бўлса, терма жамоада маҳаллий ва хорижий мураббийлар иш бошлади.
Дзюдо бўйича катталар терма жамоаси ўнлаб давлатларда ташкил этилган нуфузли мусобақаларда, халқаро ўқув машғулот йиғинларида иштирок этиб, муносиб натижаларга эришилди. Ҳар бир вазн тоифасида ёш дзюдочилар кўрикдан ўтказилди.
Муҳими, ортда қолган нуфузли турнир ва чемпионатларда кўплаб дзюдочиларимиз халқаро рейтинг очколарини жамғарди. Катта тажрибага эга бўлди. Терма жамоа мураббийлари ёш спортчиларни синовдан ўтказди.
2026 йилнинг қолган 4 ойи давомида ҳам юртимиз дзюдочиларини ўта муҳим мусобақалар, чемпионатлар кутиб турибди.

Хусусан яна бир неча кундан сўнг Японияда бошланадиган ёзги Осиё ўйинларида, октябрь ойида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида, ноябрь ойида Снегал давлатида ёшлар ўртасида бўладиган IV ёзги Олимпия ўйинларида, Тошкент мезбонлигидаги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида, декабрь ойида Тожикистон қабул қиладиган катталар ўртасидаги дунё биринчилигида, шунингдек, Япония, Хорватия, бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларда ўтадиган халқаро турнирларда юқори натижаларга эришиш юртимиз дзюдочиларииннг асосий вазифаси саналади.
Ўзбекистон дзюдо федерациясида мураббийлар штаби, масъул ходимлар иштирокида ўтказилган йиғилишда шу ҳақда сўз борди.

Федерация бош котиби Азиз Собиров бошчилигида ўтган йиғилишда йил якунига қадар ўтказиладиган ва турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз иштирок этадиган халқаро ва ички мусобақаларга тайёргарлик кўриш, муносиб иштирок этиш, халқаро ўқув-машғулот йиғинлари каби масалалар кўриб чиқилди.

Муҳокамалар жараёнида ноябрь ойида пойтахтимиз мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига терма жамоани пухта тайёрлаш, йилнинг ушбу ёш тоифасидаги асосий мусобақасида белгиланган натижаларга эришиш, шунингдек Озарбайжон ва Тожикистон мезбонлигидаги дунё биринчиликлари, халқаро турнирларда имкониятларидан юқори даражада фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Т. Рўзиев, ЎзА