Дунёдаги энг қадимий нок боғи (+видео)
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган "Муқаддас Ганьнан – қалб сари саёҳат" шиори остидаги иккинчи Глобал медиа-туризм халқаро тадбири доирасида иштирок этган 23 давлат журналистлари Гансу провинциясининг Ланьчжоу шаҳри, Ганьнан округидаги Шичуан қишлоғида бўлди.
Бу қишлоқда дунёдаги энг қадимий нок боғи мавжуд бўлиб, расман “Gaolan Shichuan аncient рear оrchard” деб номланадиган боғ тизимининг ташкил этилганига 600 йилдан ошган. Шу боис ҳам “Сариқ дарё” бўйида жойлашган тарихий маскан Гиннеснинг рекордлар китобига "Дунёдаги биринчи қадимий нок боғи" сифатида киритилган. Эътиборлиси, ноёб дарахтлар шоналаган даврда дарё нок ғунчалари билан безанади.

Маълум қилишларича, боғ майдони 8000 гектардан зиёдни ташкил қилади. Бу ерда 100 ёшдан ошган 9400 дан ортиқ ва 300 ёшдан ошган 2000 дан зиёд турли навдаги мевали дарахтлар бор. Энг қадимий нок дарахтининг ёши 456 йилга етган, унга ёнма-ён 400 йиллик дарахт бўй чўзмоқда. Ноклар навига қараб деярли йил бўйи мева беради.
Яна бир аҳамиятли жиҳати мазкур боғ БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан "Глобал муҳим қишлоқ хўжалиги мероси тизими" рўйхатига олинган.

Хитойлик боғбонлар журналистларга нок дарахтларини парваришлаш, янгилаб бориш, суғориш тизими, шакл бериш усуллари каби муҳим агротехник тадбирлари ҳақида гапириб берди, дарахт шохларини махсус ёғоч мосламалар билан баландга кўтариб парваришлаш ва шакл бериш усулларини амалда кўрсатишди.

Нок боғи агро туризм маскани сифатида эътироф этилган. Кунига юзлаб сайёҳлар ташриф буюради. Бу ерда мароқли ҳордиқ чиқариш, табиат манзараларидан баҳраманд бўлиш учун барча шароитлар яратилган, сервис хизматлари мавжуд. Остонада сизни нуроний боғбонлар асос солган фольклор гуруҳи қарши олади. Улар миллий чолғу асбоблари ёрдамида қадимий хитой сўзида айтиладиган мумтоз қўшиқлар билан меҳмонларни баҳраманд этишади.
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/Ehh5gPnduGw" title="Dunyodagi eng qadimiy nok bog‘i" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Рустам Орипов, Элёр Олимов (видео), ЎзА