Дорихоналар истеъмолчилардан 21,1 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олган
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 октябрдаги қарори асосида дори воситалари нархларини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича рақамлаштирилган тизим жорий этилган. Мазкур тизим орқали чакана ва улгуржи савдода дори воситалари нархларининг асоссиз оширилишини инсон омилисиз аниқлаш механизми йўлга қўйилди.
Шунингдек, Рақобат қўмитасининг таклифига асосан 2026 йил март ойидан дори воситалари референт нархларини назорат қилиш тизими янада такомиллаштирилди. Хусусан, улгуржи савдода дори воситалари нархи белгиланган референт нархдан юқори қўлланилганда солиқ органлари томонидан ҳисоб-фактураларни рўйхатга олиш автоматик тўхтатиш (валидация) тизими жорий этилди.
Натижада улгуржи савдода нархларни сунъий ошириш ҳолатлари ўрганилиб, 12.5 мингдан зиёд чакана дорихоналарга дори воситаларини белгиланган референт нархдан қиммат сотилишининг автоматик равишда олди олинади.
Ўтган давр мобайнида 2.5 мингга яқин дорихона томонидан 686 мингга яқин ҳолатда чекланган савдо устамаси 10 фоиздан 3 баробаргача ошириб қўллангани аниқланди. Натижада, истеъмолчилардан асоссиз равишда 21.1 млрд. сўм маблағ олингани маълум бўлди ва қайтариш юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи чорагида 190 дан ортиқ дорихонада 110.5 мингга яқин ҳолатда 1.4 млрд. сўмдан ортиқ маблағ асоссиз олинган, уларни қайтариш чоралари кўрилди.
Дори воситаларини харид қилиш билан боғлиқ шу каби ҳолатлар юз берганда 1159 ишонч рақамига мурожаат қилиш мумкин, дейилади Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА