Дипломатик ваколатхоналар мини-футболда беллашди
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар жамоалари ўртасида мини-футбол бўйича XX халқаро юбилей турнири ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дипломатик сервис хизмати» ДМ томонидан ташкил этилган мусобақада АҚШ, БАА, Буюк Британия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Қувайт, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Франция дипломатик ваколатхоналари, шунингдек, БМТ, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, «LUKOIL» компанияси, VFS Global Services жамоалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва «Дипломатик сервис хизмати» ДМ жамоалари иштирок этди.
Дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари ўртасида дўстона муносабатлар, ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган анъанавий спорт тадбири якунига кўра, «LUKOIL» компанияси жамоаси турнир ғолибига айланди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги жамоаси иккинчи, Осиё тараққиёт банки жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, алоҳида номинацияларда юқори натижа қайд этган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
[gallery-31628]
Жавоҳир Тошхўжаев,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА