Депутатлар сайловчилар муаммоларини ўрганди
Халқ билан мулоқот қилиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимига кўмаклашиш депутатлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Бу жараёнда фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, уларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш ва ижросини назоратга олиш алоҳида аҳамият касб этади.
«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 14 январдаги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутатлари жорий йилнинг учинчи чораги якуни бўйича сайловчилари билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувлар давомида депутатлар Кенгаш фаолияти, қабул қилинган сессия қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 сентябрдаги «Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди. Шунингдек, ҳудудларни ривожлантириш ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда депутатларнинг маҳаллалардаги еттилик билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқотлар чоғида сайловчилар томонидан жами 119 та муаммо ва таклиф билдирилди. Уларнинг 24 таси доимий комиссиялар аралашуви билан жойида ижобий ҳал этилди. Қолган 95 та масала юзасидан тегишли чоралар кўриш учун туман ва шаҳар ҳокимларига расмий хатлар киритилди.
Вилоят миқёсида ҳал этилиши зарур бўлган 43 та масалани халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш белгиланди. Мазкур муаммолар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг 10 таси таълим ва соғлиқни сақлаш, 6 таси транспорт, саноат, қурилиш ва автомобиль йўллари, 14 таси сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш, биттаси ижтимоий ҳимоя, яшаш шароитларини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, 12 таси эса маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ экани маълум бўлди.
Мурожаатлар орасида аҳоли учун муҳим бўлган ижтимоий ва инфратузилмавий масалалар салмоқли ўрин эгаллайди. Жумладан, Сирдарё туманидаги «Тараққиёт» ва «Фурқат» маҳалла фуқаролар йиғинларида давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд эмаслиги аҳолига қатор ноқулайликлар туғдирмоқда. Шу боис 160 ўринли янги мактабгача таълим ташкилоти қуриш таклифини 2027 йилги дастурга киритиш масаласи кўриб чиқилди.
Шунингдек, Боёвут туманидаги «Олмазор» маҳалласидаги қишлоқ врачлик пункти биносини таъмирлаш, Гулистон шаҳрининг «Нурафшон» маҳалласидаги аҳоли хонадонлари устидан ўтган юқори кучланишли электр тармоғини кўчириш, Боёвут туманининг Пахтакор маҳалласидаги “Серқуёш” кўчасининг 600 метр қисмини асфалтлаштириш, Мирзаобод туманидаги «Янги ҳаёт» маҳалласида замонавий спорт майдони ташкил этиш каби масалалар ҳам депутатлар эътиборида.
Аҳоли мурожаатларининг ўз вақтида ва сифатли ҳал этилиши депутатлик назоратини самарали ташкил этишга бевосита боғлиқ. Шу мақсадда сайловчилар томонидан кўтарилган масалаларнинг ижроси юзасидан депутат назорати ўрнатилди. Бу эса мурожаатларнинг қоғозда қолиб кетмаслиги, масъул ташкилотлар томонидан уларнинг ечими бўйича аниқ чоралар кўрилиши ва аҳоли манфаатлари таъминланишида муҳим аҳамият касб этади.
Абдушокир Абдураҳмонов,
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши котибияти мудири
ЎзА