Депутат ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқот
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ёшлар қаноти томонидан ёшлар билан очиқ мулоқот ва самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Депутат ва ёшлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Санъатшунослик факультети талабалари иштирок этдилар. Давра суҳбати давомида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнларига кенг жалб этиш, шунингдек, ёш авлод вакилларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Отемисов, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уларнинг фикр ва таклифлари қонунчилик жараёнларида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг маданий ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, таълим сифати ва ижодий имкониятларини кенгайтириш борасида амалий таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Қорақалпоқ давлат университетининг 2-босқич магистранти, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Дилноза Эримбатова ўз чиқишида ёшларнинг жамиятдаги фаол позицияси, айниқса, қизлар фаоллигини ошириш муҳимлиги ҳақида фикр билдирди.
Талабалар берган саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоб қайтарилиб, очиқ ва самимий мулоқот муҳити яратилди. Бу эса ёшларнинг сиёсий онги ва фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир якунида иштирокчилар бундай учрашувларни мунтазам равишда ташкил этиш, ёшлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги юзасидан фикр билдирдилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.