Депутат сайловчилар муаммоларини ўрганди
Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Мақсуд Муҳаммедов маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Абдулла Қаҳҳор” маҳалла фуқаролари йиғинида бўлди.
Учрашув давомида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бу борадаги ишларни янада самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, депутат томонидан “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди. Учрашувда маҳалла фаоллари ва мутасаддилар иштирок этиб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ҳудуддаги ижтимоий вазият, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар белгилаб олинди.

Депутат Мақсуд Муҳаммедов тумандаги 9-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида муассасада болажонлар учун яратилган қулайликлар, таълим-тарбия жараёнининг сифати, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши атрофлича ўрганилди. Шунингдек, тарбияланувчилар учун яратилган муҳит, уларнинг соғлом ва хавфсиз шароитда тарбияланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганиш жараёнида муассасанинг айрим инфратузилма билан боғлиқ муаммолари ҳам аниқланди. Хусусан, болалар боғчасининг ташқи йўлакларини замон талаблари асосида таъмирлаш юзасидан мурожаат билдирилди. Мазкур мурожаат туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари иштирокида жойида ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, зарур таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда шарт-шароитларни янада яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мактабгача таълим муассасаларида болалар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, уларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш устувор вазифа эканлиги алоҳида таъкидланди.
Депутат тумандаги 67-сон умумтаълим мактабида таълим-тарбия жараёнлари ҳамда мавжуд шарт-шароитларни ҳам ўрганди. Мактабда олиб борилаётган ўқув-тарбия ишлари, ўқувчилар учун яратилган имкониятлар ҳамда таълим сифатини оширишга қаратилган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, мактаб жамоаси, педагоглар ҳамда ота-оналар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, ёшлар тарбиясини кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув давомида ёшлар тарбиясида учраётган долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, салбий иллатларнинг олдини олиш, ўқувчиларнинг ижтимоий тармоқларда беҳуда вақт сарфлашининг олдини олиш, уларни мазмунли машғулотларга йўналтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, мактабда “Тарбия” фани ҳамда “Келажак соатлари”ни самарали ташкил этиш, уларнинг мазмунини бойитиш ва амалий натижадорлигини ошириш масалалари ҳам атрофлича ўрганилди. Ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, таълим-тарбия жараёнларини янада такомиллаштириш ҳамда мактаб, ота-она ва маҳалла ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, Мақсуд Муҳаммедов тумандаги “Ҳамид Жўра Транс Сервис” МЧЖ томонидан йўлланган мурожаат юзасидан тадбиркорлар билан учрашди. Мазкур мурожаатда корхона томонидан амалга оширилаётган йўловчи ташиш фаолияти, хусусан, замонавий ва юқори қулайликларга эга ётоқли автобуслардан фойдаланиш масалалари ҳамда ушбу йўналишда юзага келаётган муаммолар баён этилган.
Учрашув давомида мурожаат мазмуни атрофлича ўрганилиб, ётоқли автобуслардан фойдаланишнинг афзалликлари, халқаро тажриба ҳамда йўловчилар учун яратилаётган қулайликлар муҳокама қилинди. Шунингдек, масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари юзасидан тегишли қонунчилик асосида тушунтириш ва тавсиялар берилди. Ижобий ҳал этиш мақсадида депутат томонидан ушбу мурожжат Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига тегишли тартибда кўриб чиқиш учун юбориладиган бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА