Департамент: 634 тадбиркор фаолияти қонунийлаштирилди, 833 янги иш ўрни яратилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида ўтказган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида иқтисодиётни “соя”дан чиқариш текшириш билан эмас, тадбиркорга йўл кўрсатиб, тўғри ишлашга ўргатиш орқали бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
Келаси йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларда “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” ҳамда “Биринчи хато учун огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади.
Ҳақиқатан, тадбиркорлик қилишга бел боғлаган кишиларга имкон бериш, унинг қонуний фаолият юритишини қўллаб-қувватлаш ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг муҳим омилидир.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тадбиркорлар манфаатларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларда шу жиҳатларга эътибор қаратилмоқда.
Департамент томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 634 ишлаб чиқарувчи субъектнинг фаолияти қонунийлаштирилди. 833 янги иш ўрни яратилди.

Фаолиятни қонунийлаштириш тадбиркорни жазолаш эмас, балки унинг ишини ҳуқуқий асосга ўтказиш, бизнесини ривожлантириш ва янги имкониятлардан фойдаланишига шароит яратишдир.
Қонуний фаолият юритган тадбиркор ишлаб чиқаришни кенгайтиради, инвестиция жалб қилади ва янги иш ўринлари яратади. Натижада аҳоли даромадлари ва оилалар фаровонлиги ортади.
Тадбиркор қонуний ишласа, ишлаб чиқариш ривожланади. Ишлаб чиқариш ривожланса, янги иш ўринлари яратилади. Янги иш ўринлари яратилса, оила фаровонлиги ортади.
Зеро, тадбиркорликни қонунийлаштириш — янги имкониятлар, янги иш ўринлари ва барқарор тараққиёт учун мустаҳкам замин.
Бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА