Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар учун республика семинари ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман(шаҳар) ҳокимларининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари учун республика семинари ташкил этилди.
Семинар иши эрта тонгдан пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида буюк шоир ва мутафаккир, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Шундан сўнг хиёбонда она тилимиз, адабиётни асраб-авайлаш борасидаги суҳбатлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев иштирокчиларни яқинлашиб келаётган Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллиги билан табриклади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги фармони билан тасдиқланган 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини сифатли амалга ошириш бўйича малаҳатчилар олдида турган навбатдаги устувор вазифалар ҳақида батафсил сўзлади.
Семинарда Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбарининг ўринбосари Бекзод Шукуров, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, тилшунос олим Низомиддин Маҳмудов, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори, филология фанлари доктори Иномжон Азимов давлат тилини ривожлантириш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, ўзбек тилининг ривожланиш тенденциялари, давлат тилида иш юритиш бўйича малака ошириш ишларини сифатли ташкил қилиш масалалари юзасидан маърузалар қилди.
–Ўзбек тилида бепул дарс бериши мумкин бўлган фидойи ўқитувчилар кўп, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодир Холбўтаев. – Улар иштирокида ўзбек тилини ўқитиш, саводхонликни ошириш бўйича дарслар, машғулотлар ташкил этиш мумкин. Таассуфки, маслаҳатчиларнинг аксарияти жойларда раҳбарларнинг хатлари, маърузаларини таҳрир қилиш билан шуғулланяпти. Ташкилотларда ходимларнинг ўзбек тили бўйича саводхонлигини оширишга ҳисса қўшиш, бу йўналиш бўйича ўқув машғулотларини ташкил этишда улар жўяли таклифлар билан чиқиши, ташаббус кўрсатишлари керак. Бугун ўзбек тилини давлат тилига айлантириш билан бирга, уни илм тилига ҳам айлантириш ғоят муҳимдир.
– Ушбу семинар йил давомида мазкур йўналишда қандай ютуқларга эришилди, қандай хатоларга йўл қўйилди, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида батафсил фикр алмашиш, савол-жавоб қилиш, таклифларни ўртага ташлаш имконияти яратилгани билан аҳамиятли, – деди Самарқанд вилояти ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали Темиров. – Бу борадаги ишлар соҳалар кесимида ҳам батафсил муҳокама этилмоқда. Самарқанд вилояти ҳокимлиги тизимида барча ҳужжатлар лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида юритилмоқда. Қолаверса, вилоятдаги ташқи реклама воситалари махсус ишчи гуруҳ томонидан доимий ўрганилиб, таъсирчан чоралар кўриш механизми ҳам яратилган.
Семинар доирасида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Ушбу танлов Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан 2020 йилдан буён ўтказиб келинади.
Бу йил ҳам танлов икки йўналишда – давлат тили устуворлиги таъминланган “Энг намунали ҳудуд” (туман ва шаҳар ҳокимликлари) ҳамда “Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим” (вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари) йўналишида ташкил этилди.
Танловнинг республика босқичида “Энг намунали ҳудуд” йўналиши бўйича битта 1-ўрин, иккита 2-ўрин ва учта 3-ўрин ҳамда тўртта рағбатлантирувчи номинациялар ғолиблари, “Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим” йўналиши бўйича битта 1-ўрин, иккита 2-ўрин ва учта 3-ўрин ҳамда иккита рағбатлантирувчи номинациялар ғолиблари тақдирланди.
Шунингдек, танловда фаол иштирок этган туман ҳокимликлари ҳамда республика идоралари вакилларига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармасининг махсус совғалари топширилди.
[gallery-19702]
Тадбир давомида ўзбек тилининг бойлиги ва гўзаллигини тараннум этган, ўзбек тилини кенг тарғиб қилишда ҳамда тил масалаларига оид китобларни тайёрлаш ва нашр этишда фаол қатнашиб келаётган олимлар, ижодкорлар, журналистлар ва бошқа фаоллар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармасининг телеграм канали орқали ўтказилган “Она тилим – ғурурим, фахрим” танловининг ғолиблари эсдалик совғалари ҳамда китоблар жамланмаси билан мукофотланди. Айни пайтда ўзбек тилшунослиги соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш тизимига қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ олимлар ҳам тақдирланди.
Шу билан бирга, ўз ҳудудида давлат ташкилотлари ходимларини лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзуви, ўзбек адабий тил меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича ўқув курсларини ташкил қилишдаги фаоллиги учун бир гуруҳ маслаҳатчилар Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА