Давлат активларини хусусийлаштиришда янги механизм нимани ўзгартиради?
Мамлакатимизда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор улушини кенгайтириш жараёни янги босқичга чиқмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 28 августдаги тегишли фармони билан давлат активларини хусусийлаштиришни жадаллаштириш ва инвесторлар учун қулай шарт-шароитларни кенгайтиришга қаратилган янги механизмлар белгиланди.
Хўш, янги тартиб давлат активларини хусусийлаштириш жараёнида нимани ўзгартиради? Сотилаётган объектлардан самарали фойдаланиш қандай таъминланади? Қайси корхонани давлат тасарруфида сақлаш, қайси бирини хусусийлаштириш ёки қайта ташкил этиш масаласи қандай ҳал қилинади? Шу ва бошқа саволлар билан ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродовга мурожаат қилди.
– Энг аввало, хусусийлаштиришга фақат давлат активини сотиш жараёни сифатида қараш тўғри эмас. Асосий мақсад давлат иштирокини қисқартириш билан бирга, активларга самарали мулкдор ва инвесторларни жалб қилиш, – деди Соҳибжон Муродов. – Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан бу жараённи тезлаштириш ва инвесторлар учун қулай шароит яратишга қаратилган бир қатор механизмлар жорий этилди. Масалан, активларни сотиб олишда 15 фоиз аванс тўлаш, қолган суммани эса белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилмоқда. Бу, айниқса, қиймати юқори объектларни харид қилишда инвестор учун қўшимча қулайлик яратади.
Яна бир муҳим жиҳат, активни сотиб олган инвестор унга шунчаки эгалик қилиб туриши эмас, ривожлантириши учун шароит яратилади. Тўловнинг камида 50 фоизи амалга оширилганидан кейин объектни реконструкция қилиш, таъмирлаш ёки янги қурилиш ишларини бошлаш мумкин. Сотилмай қолаётган активлар бўйича ҳам бозор талабидан келиб чиқадиган механизмлар ишлайди. Агар объектга уч ой давомида тадбиркорлардан қизиқиш бўлмаса, унинг бошланғич нархини босқичма-босқич пасайтириш мумкин. Яъни активни бозордан узоқ вақт четда ушлаб туриш эмас, уни реал талабга мослаштириб, иқтисодий оборотга тезроқ киритиш мақсад қилинмоқда.
Шу билан бирга, активнинг ҳақиқий қиймати рақобатли очиқ савдода шаклланади. Шунинг учун хусусийлаштиришда очиқлик ва рақобат асосий тамойиллардан бўлиб қолади. Умуман, инвестор учун имкониятлар уч асосий йўналишда кенгаймоқда. Активни сотиб олиш шартлари қулайлашиб, уни ривожлантириш имкониятлари кенгаймоқда ва бозорга кириш учун кўпроқ активлар таклиф этиляпти. Фақат 2026 йилнинг ўзида 84 та жамиятдаги давлат улушлари, 1 минг 242 та кўчмас мулк объекти ва қарийб 8 минг гектар ерни савдога чиқариш белгиланган.
– Сотувга чиқарилаётган давлат корхоналари ва активлари хусусий секторга ўтгач, улардан самарали фойдаланиш ҳамда янги иш ўринлари яратилиши қандай таъминланади?
– Бу жараёнда энг асосий масала “актив кимга сотилди?” эмас, балки “сотилгандан кейин унинг тақдири нима бўлади?” деган саволга бориб тақалади. Масалан, йиллар давомида бўш турган бино давлат тасарруфида қолаверса, ўз-ўзидан ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш объектига айланиб қолмайди. Хусусий инвестор эса унга маблағ тикади, таъмирлайди, замонавий технологиялар олиб келиб, янги бизнесни йўлга қўяди. Корхоналар билан боғлиқ вазият ҳам худди шундай. Уларнинг аксарияти бугунги кунда модернизацияга, янги технологиялар ва тўғридан-тўғри инвестицияларга жиддий эҳтиёж сезмоқда. Давлат ҳар бир корхонани бюджет ёки қарз маблағлари ҳисобидан доимий равишда янгилаб бориши шарт эмас ва бунинг имкони ҳам чекланган. Хусусий инвестициялар учун кенг йўл очиб бериш айнан шу жиҳатдан стратегик аҳамиятга эга.
Бунинг натижасида янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга тушади, хизмат кўрсатиш кўлами кенгаяди, қўшилган қиймат ҳамда янги иш ўринлари яратилади. Шу боис, хусусийлаштириш самарадорлигини фақатгина “давлат активни қанча маблағга сотди?” деган мезон билан ўлчаш тўғри эмас. Энг муҳим натижалар, сотилган актив кейинчалик қанча инвестиция жалб қилгани, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш ҳажми қандай ўзгаргани, қанча қўшилган қиймат ва янги иш ўринлари яратилганида намоён бўлади.
Бундан ташқари, жараён фақат хусусийлаштиришнинг ўзи билан якунланиб қолмайди. Бозорда хусусий сектор ва давлат иштирокидаги корхоналар учун тенг рақобат шароитини таъминлаш, асоссиз имтиёз ва преференцияларга йўл қўймаслик ҳам ғоят муҳимдир. Зеро, хусусий сектор соғлом рақобат муҳитида фаолият юритгандагина инвестициялар оқими жадаллашади ва янги бизнеслар кўпаяди.
– Қайси давлат корхонасини сақлаб қолиш, қайси бирини хусусийлаштириш ёки қайта ташкил этиш масаласи қандай ҳал қилинади?
– Бу масалада давлат корхоналарининг барчасини сотиб юбориш керак, деган бирёқлама ёндашув мавжуд эмас. Ҳар бир корхонанинг миллий иқтисодиётдаги ўрни ва давлат учун қай даражада аҳамиятли экани алоҳида баҳоланади. Оддий қилиб айтганда, давлат учун стратегик аҳамиятга эга, аҳоли хавфсизлиги билан боғлиқ ёки хусусий сектор учун иқтисодий жиҳатдан норентабел бўлган айрим соҳа ҳамда хизматлар давлат тасарруфида қолиши мумкин.
Агар корхона рақобатдош бозорда фаолият юритаётган бўлса ва унинг ишини хусусий сектор самаралироқ ташкил эта олса, унда давлат иштирокини қисқартириш масаласи кўриб чиқилади. Бунда корхонани албатта тўлиқ сотиш шарт эмас. Айрим ҳолатларда давлат ўз улушининг муайян бир қисмини сотиши, бошқа вазиятларда эса корхонани қайта ташкил этиши ёки фаолият йўналишини ўзгартириши мумкин. Иқтисодий жиҳатдан бутунлай самарасиз деб топилган активлар эса тугатилади. Масалан, Президентнинг тегишли фармони доирасида ҳам давлат иштирокидаги 85 та корхонани тугатиш ёки қайта ташкил этиш белгиланган.
Бу ёндашув оддий: давлат қаерда бўлиши зарур бўлса, ўша ерда қолади. Рақобатли бозорда эса хусусий сектор учун кўпроқ имконият яратилади. Жараённинг узоқ муддатли мақсади ҳам аниқ. 2030 йилга бориб иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш кўзда тутилган. Демак, хусусийлаштиришнинг моҳияти фақат давлат активларини сотиш эмас, балки уларни самарали мулкдорлар қўлига ўтказиш, инвестиция ва янги иш ўринларини кўпайтириш, иқтисодиётда рақобат муҳитини кенгайтиришдан иборат.
ЎзА мухбири
Дилшод ҲАКИМОВ
суҳбатлашди.