Дарахтларнинг ҳар бири - ўзига хос экотизим
Ўсимликлар ва одамлар бир-бирига яшаш учун ёрдам беради. Кишининг бир кунлик кислородга бўлган эҳтиёжини қондириш учун 22 та дарахт керак. Ўрмонларнинг кесилиши натижасида биз қисқа ёки узоқ муддатли хавф-хатарларга дучор бўлишимиз мумкин.
Дарахтлар биз учун нафақат тоза ҳаво, балки озуқа, қолаверса бошпана манбаи ҳамдир.
Дарахтларни асраш, яшиллик оламини кенгайтириш ва жонли экологияга ҳисса қўшиш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси йўлга қўйилди ва чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатлари экиш анъанаси жонланди. Мазкур лойиҳа доирасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ”лар яратиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда “Дарахтга нафас беринг!” экологик акцияси ташкил этилмоқда. Ушбу акция Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан ўтказилмоқда ва республиканинг барча ҳудудларини қамраб олган.
Деҳқон бозорлари атрофи, туман марказий ва ички кўчаларида ҳам назорат тадбирлари бошлаб юборилган. Ҳудудларда қимматбаҳо дарахт турларини рўйхатга олиш ва уларни сақлаш, тўғри муҳофаза қилиш ишлари олиб борилмоқда. Акция нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки аҳолига атроф-муҳитга меҳр билан муносабатда бўлиш зарурлигини яна бир бор эслатади.
Акция давомида дарахтларнинг илдизларига ҳаво ва сув киришига тўсқинлик қилувчи ҳолатларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, шунингдек, дарахтларга ўрнатилган турли техник қурилмалар — симлар, реклама баннерлари ва бошқа табиий ўсишга халал берувчи нарсалардан халос қилиш каби ишлар бажарилмоқда.
Акция ҳар йили ўтказилади. Бу орқали дарахтларнинг яшовчанлигини таъминлаш, уларнинг зарарли воситалар таъсирида шикастланишига йўл қўймаслик мақсад қилинган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА