Чустда 5,3 миллиард сўмлик табиий газ қонунбузарлиги қайд этилди
Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ахборот хизмати хабар қилди. Маълум қилинишича, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирлари давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, “Камарсода” МФЙ ҳудудида фаолият юритаётган фуқаро Р.Қ.га тегишли умумий овқатланиш маскани текширилганда, лойиҳа ва техник ҳужжатларсиз газ тармоғига улангани ҳамда эскирган ҳисоблагич асосида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келингани маълум бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, етказилган зарар 1 миллиард 990 миллион сўмни ташкил этган.
Шунингдек, яна бир умумий овқатланиш масканида ўтказилган текширувда фуқаро B.A. газ таъминот ташкилоти билан шартнома тузмасдан табиий газдан фойдаланиб келгани аниқланди. Ушбу ҳолат бўйича 3 миллиард 390 миллион сўмлик зарар ҳисоблаб чиқилди.
Мазкур ҳолатларга оид барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юборилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА