Чора-тадбирлар белгиланди
Сирдарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган йиғилишда чиқиндиларни олиб чиқиш тизими танқидий кўриб чиқилди.
Ижтимоий тармоқлар ва аҳоли мурожаатлари таҳлили айрим ҳудудларда хизмат сифати талаб даражасида эмаслигини кўрсатди. Хусусан, Гулистон ва Янгиер шаҳарлари, Ховос, Оқолтин ҳамда Сайхунобод туманларида эътирозлар кўпайгани таъкидланди.

Муҳокамада ҳар бир маҳалла ва кўча бўйича чиқинди олиб чиқишнинг аниқ жадвалини ишлаб чиқиш, уни очиқ эълон қилиш ва махсус техниканинг келиш вақти ҳақида аҳолини олдиндан хабардор қилиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, контейнерлар етишмайдиган нуқталарни тўлдириш, полигонлар фаолиятини тартибга солиш, ҳудудларга масъулларни бириктириш ҳамда мурожаатларга тезкор жавоб бериш тизимини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Қайд этилганидек, хизмат сифатли йўлга қўйилган жойларда аҳолининг тўлов интизоми ҳам мустаҳкамланади.
Ғулом Примов, ЎзА