Чўлланишга қарши кураш: Ўзбекистон экологик таҳдидга илм билан жавоб бермоқда
Бугун чўлланиш масаласи фақат экология билан чекланмайди. У энди шунчаки экологик муаммо эмас, балки иқтисодиётга зарба, қишлоқ хўжалигига босим, сув хавфсизлигига таҳдид ва аҳоли фаровонлигига бевосита таъсир қилаётган мураккаб жараёндир.
Ўзбекистон учун бу масала айниқса долзарб. Негаки, мамлакат ҳудудининг 70 фоизи арид зонага киради, ерларнинг 70 фоизидан ортиғи деградацияга учраган, бу эса иқтисодиётга ҳар йили қарийб 830 миллион доллар зарар етказмоқда. Орол денгизининг қуриши оқибатида 3 миллион гектар ер яроқсиз ҳолга келгани, ҳудуднинг 56 фоизи шамол эрозиясидан зарар кўраётгани эса вазият кўламини янада яққолроқ намоён этади.
Шу боис бугун чўлланишга қарши кураш масаласи табиатни асраш доирасидан чиқиб, давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 2026–2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар тақдимоти билан танишгани бу борадаги ёндашув янги босқичга кўтарилганини кўрсатди. Ўша тақдимотда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик маданиятни ошириш билан бир қаторда, айнан чўлланишга қарши курашнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлаш масаласи алоҳида кўтарилди. Бу жуда муҳим. Чунки муаммо илк бор шу қадар аниқ илмий механизмлар, прогноз, мониторинг ва амалий ечимлар билан боғлиқ тарзда кўриб чиқилди.
23 мартдаги йиғилишнинг энг муҳим жиҳати ҳам айнан шунда: унда чўлланишга қарши кураш навбатдаги шиор ёки мавсумий ташаббус сифатида эмас, балки илм-фан, технология ва институционал ёндашувни талаб қиладиган узоқ муддатли стратегик вазифа сифатида талқин қилинди. Греэн Университй ҳузурида минтақавий қўшма илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи айнан шу эҳтиёждан келиб чиқади. У Марказий Осиёда чўлланиш жараёнларини бошқаришга ихтисослашган илк илмий хаблардан бирига айланиши кўзда тутилган. Марказ таркибида 15 та ихтисослашган лаборатория фаолият юритади, ерлар ҳолати сунъий йўлдош маълумотлари, ГИС ва масофадан зондлаш технологиялари асосида рақамли мониторинг қилинади, қурғоқчиликка чидамли ўсимликларнинг генетик банки шакллантирилади, тупроқнинг кимёвий ва физик таҳлил тизими такомиллаштирилади.
Бу эса масалага ёндашув тубдан ўзгарганини англатади. Энди гап фақат дарахт экиш ёки зарарланган ҳудудларни санаб чиқишда эмас. Энди гап — ернинг ҳолатини олдиндан кўра билиш, хавфни хариталаш, илмий тавсиялар асосида ҳудудларга мос ечим топиш, энг асосийси, ернинг йўқотилган имкониятини қайта тиклаш ҳақида бормоқда. Президент тақдимотида қайд этилганидек, бу марказ орқали чўлланишнинг миллий прогноз ва хариталаш тизимини яратиш, Оролбўйи ва қурғоқчил ҳудудларда яшил қопламани кенгайтириш, яйловлардан барқарор фойдаланиш ҳамда “чўл иқтисодиёти” моделларини жорий этиш мумкин бўлади.
Бу борада халқаро илмий тажриба Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим таянч бўлиб хизмат қилмоқда. Марказ профессори Аҳани Сенежани Ҳоссеин Ҳабиболлаҳ таъкидлаганидек:
“Марказий ва Жануби-Ғарбий Осиё шўр ва иссиқ шароитда яшай оладиган чўл ўсимликларига бой ягона ҳудудлардан биридир. Уларнинг кўпи миллионлаб йиллар давомида айнан шу маконда шаклланган. Айрим ўсимликларда эса қурғоқчил ва шўр муҳитда одатий фотосинтезга қараганда самаралироқ ишлайдиган C4 фотосинтези мавжуд. Ноёб бир ҳужайрали C4 фотосинтез илк бор айнан Ўзбекистонда аниқланган. Бу эса янги қишлоқ хўжалиги экинларини яратиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва экологик муаммоларни реал иқтисодий ҳамда илмий ютуқларга айлантириш учун улкан генетик салоҳият борлигини англатади.”
Хитой тажрибаси эса чўлланишга қарши курашда илмий ёндашувнинг нақадар катта самара беришини исботлаган.
Хитой Фанлар академияси Шинжон экология ва география институти директори, Марказий Осиё Экология ва Атроф-муҳит тадқиқотлари маркази президенти Чжан Юанминнинг таъкидлашича эса:
“Хитой ҳудудининг қарийб 26 фоизи чўллардан иборат. Шу сабаб мамлакатда 1970 йиллардан буён ерларни тиклашга қаратилган “Уч Шимол” дастури амалга оширилмоқда. Дастур доирасида қумларни мустаҳкамлаш, сунъий ўрмонлар яратиш, биологик қобиқларни шакллантириш ва галофитларни экиш каби комплекс чоралар қўлланади. Галофитлар бир гектардан йилига 5 тоннагача тузни чиқариб юбориши мумкин, қурғоқчиликка чидамли генлар эса ҳосилдорликни сақлаган ҳолда 25–40 фоизгача сув тежаш имконини беради. Бу тажриба Ўзбекистонда ҳам синовдан ўтиб, Нукусдаги шўрланган ерларда пахта ҳосилдорлиги деярли икки баравар ошгани алоҳида аҳамиятга эга.”
Аслида, бу ерда энг муҳим хулоса битта: чўлланишга қарши кураш — фақат экологик чора эмас. У илм-фан, қишлоқ хўжалиги, сув бошқаруви, иқтисодиёт ва ҳудудий сиёсат кесишган нуқтадаги стратегик вазифадир. Шу маънода 23 март кунги йиғилиш оддий тақдимот эмас, балки экологик сиёсатда янги босқичнинг амалий ифодаси бўлди. Чунки унда муаммо илк бор шу қадар равшан тарзда илмий марказлар, лабораториялар, рақамли мониторинг ва халқаро тажриба билан боғланди.
Энг муҳими, бу ёндашув Ўзбекистоннинг экологик таҳдидларга энди фақат хавф сифатида эмас, балки илмий ечим ва янги имкониятлар манбаи сифатида қараётганини кўрсатади. Зеро, ернинг ҳолати — бу фақат бугуннинг манзараси эмас, эртанги тараққиёт мезонидир. Агар ер тикланса, қишлоқ хўжалиги тикланади. Агар илм ишласа, экологик таҳдид иқтисодий имкониятга айланади. Агар бу йўлда сиёсий ирода, илмий салоҳият ва халқаро тажриба бирлашса, чўлланишга қарши кураш ҳам натижа беради.