Чемпионлар тайёрланаётган маскан
ФОТОРЕПОРТАЖ
Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, қисқа вақт ичида нафақат ҳудуд, балки мамлакатимиз спорт ҳаётида муҳим ўрин эгаллайдиган замонавий спорт марказига айланиб улгурган.
2019 йилда спорт мактаби инфратузилмаси янада кенгайтирилиб, спортчилар учун мўлжалланган 5 қаватли, 100 ўринли замонавий турар жой биноси барпо этилди. Бугунги кунда бу ерда 7 та замонавий спорт зали, 3 та очиқ спорт майдончаси ҳамда 2 та воркаут майдончаси мавжуд.
Мактабда 28 та спорт тури бўйича ташкил этилган тўгаракларда 673 нафар ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.
Муассаса ташкил этилганидан буён юқори малакали спортчиларни тайёрлаш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, 21 нафар “Халқаро тоифадаги спорт устаси”, 94 нафар “Ўзбекистон спорт устаси” ва 394 нафар “Ўзбекистон спорт усталигига номзод” тайёрланди.
Спорт мактаби тарбияланувчиларининг ютуқлари ҳам таҳсинга сазовор. Улар томонидан Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 2 минг 259 та, Осиё чемпионати ва кубокларида 158 та, жаҳон чемпионати ва кубокларида 66 та, халқаро турнирларда 103 та медаль қўлга киритилди. Шунингдек, Осиё ва Параосиё ўйинларида 14 та, Ислом бирдамлик ўйинларида 6 та ва МДҲ ўйинларида 3 та медаль жамғарилди.
[gallery-29070]
2018–2026 йиллар мобайнида спорт мактаби томонидан миллий терма жамоамиз сафига жами 1 минг 173 нафар спортчи тайёрлаб берилгани ҳам муассасанинг салоҳиятидан далолат.
Юртбошимиз томонидан спорт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, айниқса Қорақалпоғистон Республикасига билдирилаётган ғамхўрлик, шунингдек, яратилган замонавий шарт-шароитлар, мураббий ва спортчиларнинг фидокорона меҳнати ушбу ютуқларнинг асосий омилларидир.
Янада юксак мақсадлар сари интилаётган спорт мактаби жамоаси эндиликда Лос-Анжелес–2028 Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиш учун пухта тайёргарлик ишларини олиб бормоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА