Чанқовуз – дунёни забт этган қадимий чолғу
Оддий металл парчаси ва инсон нафаси уйғунлигида туғилган бу қадимий чолғунинг сирли садоси беш минг йилдан буён бутун сайёра бўйлаб акс-садо бериб келмоқда.
Чанқовуз (чангқўбиз), илк назарда, тақа шаклидаги оддий металл буюмга ўхшайди. Унинг ўртасига маҳкамланган, учи эса қайрилган ингичка пўлат тилча мавжуд. Бироқ бу асбобнинг бор сири унинг тузилишида эмас, балки ижросидадир. Унда овоз чиқариш жараёни инсон танасининг ўзини мусиқий воситага айлантиради. Созанда асбобни тишларига енгил тақаб, лаблари билан қисиб турганда, оғиз бўшлиғи кучли резонаторга, яъни овоз кучайтиргичга айланади. Ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғи билан тилчани ритмик равишда чертиш натижасида ҳосил бўлган тебраниш оғиз бўшлиғида кучайиб, ўзига хос, сирли ва бироз ғайритабиий оҳанг касб этади.
Мусиқий асбобнинг ҳақиқий мўъжизаси шундаки, созанда тилининг ҳолатини, оғиз бўшлиғининг катта-кичиклигини ва ҳалқумдан чиқаётган нафас оқимини моҳирона бошқариш орқали битта асосий товушнинг қўшимча оҳанг товушларидан (обертонлардан) бутун бошли мураккаб куй яратади. Яъни, бу ерда куй чолғуда эмас, балки ижрочининг ўзида туғилади. Бу хусусият чанқовузни бевосита инсон билан боғлиқ чолғу асбобларидан бирига айлантиради.
Мусиқашунос олимлар чанқовуз туридаги чолғуларнинг энг қадимги намуналари тахминан беш минг йил муқаддам Жануби-Шарқий Осиёда, хусусан, ҳозирги Вьетнам ва Филиппин ҳудудларида бамбук ёки қамишдан ясалганлигини тахмин қиладилар. Ушбу содда асбоблар денгизчилар ва кўчманчи қабилалар орқали аста-секин бутун Осиё, Океания, сўнгра Буюк ипак йўли орқали Европа ва Африка қитъаларигача етиб борган. Археологик топилмалар металлдан ясалган чанқовузларнинг қадимги намуналари, айниқса, Сибир халқлари, жумладан, ёқутлар маданиятида кенг тарқалганини кўрсатади. Бу мусиқий асбоб уларнинг шомонлик маросимларида руҳлар билан алоқа ўрнатиш воситаси сифатида ҳам муҳим ўрин тутган.
Турфа номлар – бир оҳанг
Чанқовузнинг дунё халқларида икки юздан ортиқ ном билан аталиши унинг нақадар кенг жуғрофий ва маданий қамровга эга эканидан далолат беради. Масалан, у Сицилияда “марранзано” номи билан машҳур. Норвегияда у “муннхарпе” (оғиз арфаси), Вьетнамда “дан мои”, Филиппинда “кубинг”, Ҳиндистонда “морчанг” деб аталади. Буларнинг барчаси ташқи кўриниши ва номланишида фарқ қилса-да, уларнинг барчасини бирлаштирувчи умумий жиҳат – овоз чиқариш тамойилининг деярли бир хиллигидир.
Марказий Осиё, хусусан, ўзбеклар орасида бу чолғу “чангқўбиз”, “чангқовуз”, “чанқовуз” каби номлар билан маълум. Унинг тарихи халқ оғзаки ижоди намуналарида чуқур илдиз отган. Машҳур “Алпомиш” достонида Барчиннинг суякдан ясалган чанқовуз чалгани ҳақидаги лавҳалар бу мусиқий асбобнинг халқимиз турмушида қадимдан мавжуд бўлганини тасдиқлайди. Қизиқарли жиҳати шундаки, қадимда ундан кўпроқ хотин-қизлар фойдаланган. Чанқовуз катта давралар, шодиёналар учун эмас, балки тор оилавий муҳитда, ёлғизликда дилга ҳамдам сифатида чалинган шахсий, ички кечинмаларни ифодаловчи чолғу бўлган.
Унинг паст, сирли ва бир оз титроқ овозида нафақат бадиҳа услубидаги кичик куйлар чалинган, балки турли ҳайвонлар (от кишнаши, қушлар сайраши) ва табиат товушларига (шамол увиллаши, сув шилдираши) ўхшатмалар ҳам моҳирона ижро этилган. Бу ҳолат чанқовузнинг қадимги одамнинг табиат билан чамбарчас боғлиқ дунёқарашини, атроф-оламни мусиқий тасвирлар орқали англашга бўлган интилишини акс эттирувчи ноёб санъат намунаси эканидан далолат беради.
Унутилган мероснинг қайта тикланиши
ХХ асрга келиб, кўплаб анъанавий чолғулар қатори чанқовуз ҳам бир муддат эътибордан четда қолди. Бироқ бугунги кунда у ўз тарихининг янги саҳифасини очмоқда. Бу мусиқий асбоб, айниқса, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Қашқадарё, шунингдек, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида яхши сақланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб, фольклор-этнографик жамоалар фаолиятининг жонланиши билан чанқовузга бўлган қизиқиш қайтадан кучайди.
Бугун у нафақат якканавоз чолғу сифатида, балки халқ чолғулари оркестрлари ва замонавий мусиқий гуруҳлар таркибида ҳам ўзига хос ўрин эгалламоқда. Замонавий бастакорлар ўз асарларида қадимий миллий руҳни, Шарқона оҳангларни ифодалаш мақсадида чанқовузнинг бетакрор тембри ва ноёб имкониятларидан унумли фойдаланмоқдалар. Унинг содда тузилиши ортида яширинган улкан мусиқий имкониятлар, инсон нафаси ва қалб тебранишларини мусиқага айлантира олиш хусусияти бу қадимий чолғунинг келажакда ҳам ўз тингловчиларини ҳайратга солишига ишонч уйғотади. Чанқовуз – шунчаки мусиқа асбоби эмас, у минг йиллар қаъридан келаётган, ўзида аждодлар дунёқараши, табиатга муносабати ва инсониятнинг умумий мусиқий тафаккурини мужассам этган жонли тарихдир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади,
ЎзА