“CENTRUM AIR” Ҳиндистонга ҳафталик парвозлар қатновини оширди
“Centrum Air” авиакомпанияси икки мамлакат ўртасидаги ҳаво қатновини мустаҳкамлаш мақсадида парвозлар сонини ҳафтасига 5 мартагача оширганини эълон қилди.
Парвозлар частотасининг оширилиши икки давлат ўртасида туризм, тадбиркорлик, тиббий туризм ва маданий алоқаларнинг ривожланиши натижасида юзага келган юқори талаб билан изоҳланади. “Centrum Holding” асосчиси ва раҳбари Абдулазиз Абдураҳмонов Ҳиндистон авиакомпания учун стратегик бозор эканини ва ушбу қадам йўловчилар оқимининг барқарор ўсишига бўлган ишонч самараси эканини таъкидлади. Авиакомпаниянинг Ҳиндистондаги бош агенти (GSA) — “Aeroprime Group” раҳбари Абҳишек Гоял ушбу янгиликни Ҳиндистон-Ўзбекистон транспорт йўлаги ривожидаги муҳим тарихий босқич деб баҳолади.
Ўзбекистон йилига 33 миллион халқаро саёҳат амалга ошириладиган, дунёдаги энг тез ривожланаётган Ҳиндистон туризм бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлаш устида фаол ишламоқда. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва Туризм қўмитаси ҳамкорликда Ҳайдаробод ва Ченнаи шаҳарларида йирик тақдимотлар (роудшоу) ўтказди. Тадбирларда Ҳиндистоннинг 70 дан ортиқ етакчи сайёҳлик агентликлари ва туроператорлари иштирок этди.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон бозори Ўзбекистон сайёҳлик секторининг ўсиш стратегиясида марказий ўрин тутишини таъкидлади. У ҳинд сайёҳларини юртимизнинг бой тарихий ва маданий мероси билан танишишга таклиф этди. Авиақатновларнинг диверсификация қилиниши ва янги келишувлар ҳамкорликни сезиларли даражада енгиллаштирмоқда: “Uzbekistan Airways” ва “Air India” ўртасидаги кодшер ҳамкорлиги Деҳли-Тошкент ва Мумбай-Тошкент йўналишларида саёҳатларни осонлаштирди, шунингдек, Гоадан мавсумий парвозларни йўлга қўйишга имкон берди.
Деҳли ва Наманган ўртасида йўлга қўйилган тўғридан-тўғри авиақатнов ҳинд сайёҳлари учун гўзал Фарғона водийсини кашф этиш имкониятини яратди. Ўзбекистон фақат анъанавий обидалар ва тарихий қадамжоларни кўрсатиш билан чекланиб қолмоқчи эмас. Мамлакат Ҳиндистондан бир қатор йўналишлар бўйича сифатли ва премиум-класс сайёҳларини жалб қилишни мақсад қилган. Хусусан, MICE туризм (корпоратив учрашувлар, конференциялар ва кўргазмалар), тантаналар ва тўй туризми (ҳинд оилаларининг ҳашаматли тўй маросимларини Ўзбекистонда ўтказиш) шулар жумласидан.
Ҳаво қатновлари частотасининг ошиши ва янги йўналишларнинг очилиши Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги иқтисодий, маданий ва халқлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Ҳиндистон бозорига қаратилган бундай фаол ва тизимли тарғибот кампаниялари Ўзбекистон туризм индустриясининг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
УзА