Бюргеншток йўл харитаси: АҚШ ва Эрон муросага яқинлашяптими?
Яқин Шарқ яна бир бор халқаро сиёсат марказига айланди. Сўнгги ойларда АҚШ ва Эрон ўртасида кузатилган кескинлик, ўзаро таҳдид ва ҳарбий тўқнашув хавфи минтақа хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатди. Июнь ойида бошланган дипломатик фаоллик вазиятни янги босқичга олиб чиқди.
2026 йил 17 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ўртасида имзоланган Исломобод англашув меморандуми икки давлат муносабатида муҳим бурилиш сифатида баҳоланмоқда. Ҳужжат 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш режими ҳамда музокара жараёнини ишга тушириши лозим.
Орадан бир неча кун ўтиб, Швейцариянинг Бюргеншток курортида юқори даражадаги музокара ташкил этилди. Люцерн кўли соҳилида ўтган учрашувда нафақат сиёсат ва хавфсизликка оид масала, балки иқтисодиёт, энергетика ва молия йўналишлари ҳам муҳокама қилинди. Демак, Вашингтон ва Теҳрон мулоқоти кўлами энди анча кенгайган.
АҚШ делегациясига вице-президент Жей Ди Вэнс раҳбарлик қилди. Музокарада махсус вакиллар Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер ҳам иштирок этди. Эрон томонидан парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф ҳамда ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий қатнашди. Шунингдек, марказий банк, энергетика ва нефть соҳаси мутахассислари жалб қилиниши томонлар иқтисодий муаммони ҳам сиёсий келишувнинг муҳим қисми сифатида кўраётганини англатади. Айниқса, Халқаро атом энергетикаси агентлиги раҳбари Рафаэль Гросси ҳам тадбирда иштирок этиши ядровий дастур масаласи музокаранинг асосий мавзуларидан бири бўлиб қолаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Бюргенштокдаги учрашувнинг энг муҳим натижаси сифатида 60 кунлик махсус “йўл харитаси” қабул қилиниб, сиёсий мувофиқлаштириш қўмитаси ташкил этиш, ядровий дастур, санкция ва мониторинг бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиши назарда тутилган. Шу тариқа томонлар келишувни қоғозда қолдирмасдан, амалий механизм орқали ҳаётга татбиқ этишга уринмоқда.
– Жараён аҳамияти шундаки, томонлар ҳарбий босим эмас, дипломатик механизм орқали ечим излашга ҳаракат қилмоқда, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик университети докторанти Мадинабону Мамажонова мавзу ҳақида фикр билдираркан.
Музокарадаги асосий муаммолардан бири Ливандаги вазият бўлиб турибди. Исломобод меморандумида ҳарбий ҳаракатни чеклаш зарурати ифодаланган. Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” мазкур келишувнинг бевосита иштирокчилари эмас. Шу боис Бюргенштокдаги учрашувда Ливан йўналиши алоҳида муҳокама қилинди. Томонлар эҳтимолий тўқнашувнинг олдини олиш мақсадида махсус “де-конфликт маркази” ташкил этиш бўйича келишувга эришди. АҚШ, Эрон ва Ливан вакиллари иштирокида ишлайдиган ушбу механизм ҳарбий ҳаракат билан боғлиқ хавфни тезкор мувофиқлаштиришга кўмаклашади.
Шу билан бирга Ливан жанубидаги вазият ҳамон мураккаб. Исроил хавфсизликни таъминлаш зарурлигини таъкидлаётган бўлса, “Ҳизбуллоҳ” Исроил қўшини чиқиб кетмагунча қаршилик ҳаракати давом эттирилишини айтган. Бу ҳолат музокара тақдирига таъсир қиладиган ташқи омил сифатида кўрилади.
– Минтақавий кучлар манфаати йўлидаги зиддият сақланиб қолса, дипломатик саъй-ҳаракатга қарамай, келишувга эришиш жараёни мураккаблашиши мумкин, – дейди М.Мамажонова.
Айни пайт Бюргенштокда бошланган жараён АҚШ ва Эрон муносабатини очиқ қарама-қаршиликдан институционал мулоқот майдонига олиб чиқишга қаратилган илк жиддий қадам сифатида баҳоланмоқда. Муваффақият эса минтақадаги воқеалар ривожи ва томонларнинг сиёсий иродасига бевосита боғлиқ.
Ҳурмуздан ядровий дастургача: музокаранинг ҳал қилувчи босқичи

Бюргеншток музокарасида муҳокама қилинган энг муҳим стратегик масалалардан яна бири Ҳурмуз бўғози билан боғлиқ вазият. Музокара бошланишидан олдин Эрон томонидан бўғоз фаолиятини чеклаш эҳтимоли ҳақидаги баёнот халқаро бозорда хавотирни кучайтирган эди. Натижада нефть нархи ва энергетика соҳасидаги хатар яна кун тартибига чиқди. Шу боис Бюргенштокда денгиз хавфсизлигини таъминлаш ҳамда эҳтимолий тўқнашувнинг олдини олиш бўйича алоҳида мулоқот қилинди.
Якунда томонлар бевосита алоқа механизмини яратиш бўйича келишувга эришди. Мазкур механизм денгиздаги ҳаракатни мувофиқлаштириш, тижорат кемалари хавфсизлигини таъминлаш ва эҳтимолий тушунмовчиликни тезкор ҳал этишга хизмат қилиши кутиляпти. Шунингдек, Эрон 60 кун давомида Ҳурмуз очиқлигини сақлаш ва транзит ҳаракатига қўшимча чеклов жорий этмаслик мажбуриятини олди.
Музокаранинг яна бир муҳим мавзуси Эроннинг ядровий дастуридир. Сўнгги йигирма йил давомида айнан шу йўналиш Теҳрон ва Ғарб давлатлари ўртасидаги баҳсли масала бўлиб келмоқда.
Бюргенштокда эришилган муҳим натижа сифатида Эроннинг Халқаро атом энергетикаси агентлиги йўриқчиларини мамлакатга қайта киритишга розилик берганини қайд этиш мумкин. Бу қадам халқаро назорат механизмини тиклаш ҳамда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Шунга қарамай, асосий ёндашув фарқли. Теҳрон уранни бойитишни қонуний ҳуқуқ сифатида ҳимоя қилади. Вашингтон ва ҳамкорлар эса мазкур имкониятни сезиларли даражада чеклаш тарафдори. Ҳозирча мавжуд уран захирасини реактор ёнилғиси даражасигача суюлтириш бўйича техник механизм муҳокама қилинмоқда.
Музокара муваффақияти иқтисодий омил билан чамбарчас боғлиқ, чунки Эрон учун ҳар қандай дипломатик келишувнинг амалий қиймати, аввало, санкция тақдири билан ўлчанади. Исломобод меморандумига мувофиқ, АҚШ Эрон нефть экспортига нисбатан қўлланган чекловни 60 кун юмшатишга розилик берди. Бу қарор Теҳрон учун халқаро энергетика бозорига қайтиш имконини яратади. Шу билан бирга хорижий банкларда музлатиб қўйилган Эрон пули масаласи ҳам муҳокама марказида. Турли баҳоларга кўра, мазкур маблағ 100-120 миллиард доллар атрофида. Томонлар ушбу ресурсдан фойдаланиш бўйича махсус назорат механизми жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
– Агар иқтисодий масала бўйича амалий натижага эришилмаса, сиёсий келишув барқарорлиги ҳам савол остида қолади, – дея қайд этади экспертимиз.
Хуллас, Бюргеншток жараёни нафақат АҚШ ва Эрон муносабати келажаги, балки Яқин Шарқ хавфсизлиги, халқаро энергетика бозори ва глобал дипломатик муҳитнинг кейинги ривожланишини ҳам белгилаб бериши мумкин. Кейинги 60 кун ичида қабул қилинадиган қарорлар мазкур йўл харитасининг ҳаётга татбиқ этилиш ёки қоғозда қолиб кетишини аниқлаб беради.
Мусулмон Зиё, ЎзА