Бухоронинг бой мероси Индонезия делегациясини мафтун этди
Мамлакатимиз ва Индонезия ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги амалий қадамлар давом этмоқда. Ана шу эзгу мақсадлар доирасида мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Индонезия Республикаси Халқ маслаҳат кенгаши Раиси Аҳмад Музани бошчилигидаги делегация кўҳна ва боқий Бухоро шаҳрига ташриф буюрди.
Меҳмонларни “Бухоро” темирйўл вокзалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров ҳамда мутасадди раҳбарлар кутиб олди.
Делегация дастлаб юртимизнинг муқаддас қадамжоларидан бири – Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилди.
Меҳмонларга Президентимиз ташаббуси билан мажмуа ҳудудида амалга оширилган кенг кўламли ободонлаштириш ва реставрация ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, Тоқи миёна дарвозасига олиб борувчи тарихий йўлак қайта таъмирлангани, унинг атрофи ободонлаштирилгани, замонавий музей ва таҳоратхона барпо этилгани, шунингдек, Манғитлар сулоласи вакили Дониёлбий қурдирган мадраса тўлиқ таъмирлангани таъкидланди.
Ташриф давомида делегация аъзолари вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамроҳлигида Бухоронинг машҳур тарихий-маданий ёдгорликлари билан яқиндан танишди. Саёҳат Пойи Калон мажмуасидан бошланиб, қадимий тоқлар, миллий ҳунармандчилик расталари ва Лаби Ҳовуз ансамбли бўйлаб давом этди.
Айниқса, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик ва пичоқчилик каби асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий ҳунармандчилик устахоналари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Улар усталарнинг маҳорати ва ижодий меҳнати билан яқиндан танишиб, Бухоро ҳунармандчилиги анъаналарига юксак баҳо берди.
[gallery-30190]
Делегация вакилларига шаҳардаги тарихий обидаларнинг бой тарихи, уларни асраб-авайлаш ва қайта тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда Бухоро нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё сайёҳлари интиладиган йирик туризм марказларидан бирига айланиб бормоқда.
Ташриф якунида Аҳмад Музани Бухородаги маданий мерос объектлари ўзининг асл қиёфасида сақланаётганини алоҳида эътироф этди. У Бухоро инсоният цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган тарихий шаҳар эканини, унинг бой маданияти, меҳнатсевар ва меҳмондўст халқи ҳар бир меҳмонда чуқур таассурот қолдиришини таъкидлади. Шу билан бирга, туризм ва инвестиция соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун Бухорода барча имкониятлар мавжудлигини қайд этди.
Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, маданий дипломатияни ривожлантириш ҳамда Бухоронинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни ва нуфузини халқаро майдонда кенг тарғиб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари