Бухорода қишлоқ хўжалиги ерларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда
Маълумки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, уларни асраб-авайлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу боис, мазкур йўналишда назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш, шунингдек, ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга қаратилган доимий текширувлар амалга оширилмоқда. Олиб борилган назорат тадбирлари давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Когон тумани “Янги Ҳаёт” массивида фаолият юритаётган “Парравшантранс” МЧЖ раҳбарига ажратилган қишлоқ хўжалиги ер майдонидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати қайд этилди. Аниқланишича, у 4549-контурда жойлашган 0,30 гектар экин майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга оширган.

Мазкур қонунбузилиш натижасида қишлоқ хўжалиги ерларига 255 миллион 209,3 минг сўм миқдорида зарар етказилгани маълум қилинди.
Мутахассислар таъкидлашича, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш борасида назорат тадбирлари янада кучайтирилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА