Бухорода “Насриддин Афанди” фестивали
1 апрель — Бутунжаҳон кулги куни
Кўҳна ва боқий Бухорода 1 апрель — Бутунжаҳон кулги куни муносабати билан “Насриддин Афанди” ҳамда “Шарқ таомлари” анъанавий фестивали тантанали равишда бошланди.
Маълумки, 1 апрель жаҳон миқёсида кулги ва ҳазил-мутойиба куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана инсонлар қалбига қувонч улашиш, ижобий кайфиятни мустаҳкамлаш ва ҳаётга енгил нигоҳ билан қарашга ундаши билан аҳамиятлидир. Қадимий Бухорода ҳам мазкур байрам ўзига хос руҳда нишонланиб, халқона анъаналар ва замонавий маданий тадбирлар уйғунлигида ўтмоқда.
Айниқса, халқ оғзаки ижодининг ёрқин тимсоли — Хўжа Насриддин образига бағишланган латифалар, юмористик чиқишлар ва саҳна кўринишлари байрамона муҳитга янада файз бағишлади. Насриддин Афанди билан боғлиқ ҳикоялар ва афсоналар халқимизнинг асрлар давомида шаклланган донишмандлиги, топқирлиги ва ҳаётий тажрибасини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир. Уларда кулги билан бирга тарбиявий мазмун ҳам мужассам бўлиб, ёш авлодни теран фикрлашга ундайди.
Бугунги кунда Бухоро шаҳри ўзининг бой тарихий мероси, бетакрор меъморий обидалари ва замонавий қиёфаси билан уйғун ривожланиб бормоқда. Шаҳар ҳар бир меҳмонни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, ўзининг ноёб муҳити орқали унутилмас таассуротлар уйғотмоқда.
Фестиваль доирасида шаҳарнинг қадимий кўчалари бўйлаб миллий карвон юриши ташкил этилди. Миллий қўшиқлар, ранг-баранг либослар, халқ қаҳрамонлари тимсолини акс эттирган қўғирчоқлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Тадбирнинг рамзий очилиш маросими Нодир Девонбеги мадрасаси ҳовлисида, Насриддин Афанди ҳайкали пойида бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров сўзга чиқиб, фестивалнинг аҳамияти ва унинг туризмни ривожлантиришдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди ҳамда барчани кулги куни билан табриклади.
Фестиваль меҳмонлари учун мусиқали чиқишлар, саҳнавий кўринишлар ва турли ижодий дастурлар намойиш этилди. Хорижий сайёҳлар ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Улар ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, самимийлиги ва кулгисеварлигини алоҳида таъкидлашди.
Шу билан бирга, “Шарқ таомлари” фестивали меҳмонларга миллий ошхонамизнинг лаззатли таомларини татиб кўриш имконини бермоқда. Ош, сомса, ширинликлар ва бошқа анъанавий неъматлар байрамга янада файз қўшди.
[gallery-28496]
Мазкур фестиваль Бухоронинг туризм салоҳиятини халқаро миқёсда кенг намойиш этиш, миллий қадриятларимизни тарғиб қилиш ҳамда маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу боис, ушбу байрам нафақат кўнгилочар тадбир, балки жамиятда ижобий муҳитни мустаҳкамловчи, инсонларни бирлаштирувчи муҳим маданий воқеа сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Фестиваль кун давомида давом этиб, унинг доирасида турли гуруҳларнинг комик чиқишлари, концерт дастурлари ва “Шарқ таомлари” танлови бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.