Булоқбошилик пахтакорлар режани бажарди
Жорий йилда Булоқбоши туманида 2 минг 114 гектар ер майдонига Хитойнинг “Xin Lu Zao - 52” навли чигит уруғи экилди. Белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилганлиги, деҳқонларнинг самарали меҳнатлари эвазига пахтадан мўл ҳосил етиштирилди.
“Хўжаобод Fayz-M” масъулияти чекланган жамияти пахта тўқимачилик кластер корхонаси ҳамда тумандаги 88 та фермер хўжалиги томонидан 11 минг 155 тонна пахта етиштириш режалаштирилган эди. Бугунги кунга қадар 11 минг 204 тонна пахта ҳосили йиғиб-териб олиниб, белгиланган режа ортиғи билан бажарилди.
– Ҳосилнинг 7 минг 809 тоннаси пахта териш машиналари ёрдамида, 3 минг 346 тоннаси қўлда терилди, – дейди Булоқбоши тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Абдумутал Темиров. – Ўртача ҳосилдорлик гектаридан 53 центнерни ташкил этди. Эришилган ютуқда ҳар бир фермер хўжалигининг, заҳматкаш деҳқонларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.
Айниқса, биринчилардан бўлиб режани бажарган ва юқори ҳосилдорликка эришган Сарвонтепа массивидаги “Саодат Қаҳрамон”, Бакир Режапов массивидаги “Ҳасанов Сойибжон шижоати”, Улуғбек массивидаги “Абдураҳмон Нурматов”, Жўраполвон массивидаги “Раҳимбой” сингари ўнлаб фермер хўжаликлари барчага намуна бўлди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири