БРМ тизимида ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларни қўллаб-қувватлаш механизмлари
Юртимизда янгиланган Бош қомусимиз асосида ижтимоий сиёсат изчиллик билан амалга оширилмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор чоралар кўрилмоқда. Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида энг муҳим ижтимоий масалаларга устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Бу борада Барқарор ривожланиш маркази эксперти Гулҳаё Барноева ўз фикрларини билдирди:
– Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш масалалари доим жаҳон ҳамжамиятининг диққат эътиборида бўлиб келган. 1945 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Низомининг қабул қилиниши мазкур масала бўйича халқаро ҳуқуқнинг янада ривожланиши учун асос бўлди. Унда инсоннинг асосий ҳуқуқлари, инсон қадр-қиммати, эркаклар ва аёлларнинг ҳамда катта ва кичик халқларнинг тенг ҳуқуқлилигига риоя қилиниши илгари сурилган.
Инсон ҳуқуқларини тан олиш глобал қадриятдир, аммо ҳуқуқ ва эркинликларда тенгликни эълон қилиш ҳар доим ҳам аҳолининг айрим гуруҳларига тааллуқли эмас, улар баъзан ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра уларни тўлиқ амалга ошира олмайди. Шундай қилиб, вақт ўтиши билан халқаро ҳамжамият бундай одамлар гуруҳларини “заиф аҳоли” деб ажратиб кўрсатишни бошлади.

Заифлик даражаси юқори бўлганларни, яъни болалар, ногиронлар, аёллар ва қарияларни заиф гуруҳ деб эътироф этишнинг ҳуқуқий асоси БМТ Бош Ассамблеяси Учинчи қўмитасининг резолюциялари бўлиб, унда аҳолининг ушбу тоифалари кўрсатилган.
Аҳолининг заиф қатламлари ўз имкониятларини, шу жумладан саломатлиги, жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишишини тўлиқ ривожлантириш имкониятига эга бўлиши учун уларни қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилишга эътибор қаратиб келинади.
Айни пайтда “Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди” БРМнинг асосий тамойили доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини ҳимоя қилиш борасида миллий қонунчилик ва давлат томонидан ижтимоий сиёсат олиб борилмоқда. Аҳолининг барча тоифалари, айниқса, ижтимоий заиф қатламини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш, бу бўйича давлат сиёсатини янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга.
2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси БРМни амалга оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Ҳукумат 16 та миллий БРМ, 125 та вазифа ва 206 та кўрсаткични маъқуллади.
БРМ инсониятнинг фаровонлиги ва ҳимоясини яхшилашга қаратилган ўзига хос чақирувдир. БРМнинг асосий тамойили – “Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак” – биринчи навбатда ижтимоий ривожланиш мақсадларига тааллуқли. Бу тамойил БРМга эришиш жараёнида аҳолининг барча тоифалари эҳтиёжлари ва хусусиятларини ҳисобга олиш муҳимлигини билдиради.
Ушбу тамойил аҳолининг барча тоифалари, айниқса, ижтимоий заиф қатламини ҳимоя қилиш стандартларини ишлаб чиқиш билан мос келади. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатларнинг салмоқли қисми, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органларининг умумий шарҳлари ва тавсиялари аҳолининг барча тоифалари, айниқса, ижтимоий заиф қатламини ҳимоя қилишга бағишланган.
Масалан, БМТнинг Аёлларга нисбатан камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг умумий тавсияларининг деярли барчаси ушбу аёллар гуруҳларига бағишланган. Хусусан, ногиронлиги бор аёлларга бағишланган, мигрант аёлларга, можаро зоналаридаги аёллар учун, қочқин ёки фуқаролиги бўлмаган аёллар, қишлоқ жойларда яшовчи аёллар учун ва глобал миграция жараёнида хотин-қизлар савдоси бўйича умумий тавсиялар тақдим этилган.
БРМнинг барча мақсадларида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада Ўзбекистонда ижтимоий соҳага жамият эътиборини кучайтириш, манзилли ижтимоий ҳимояни кафолатлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА