Британияда Совуқ уруш даври иншооти сотиляпти
Англия жануби-шарқидаги Кент шаҳрида Совуқ уруш даврида махфий равишда қурилган бункер сотувга қўйилди. Сўралган нарх – 45 000 фунт стерлинг.
Тахминан тўрт метр чуқурликдаги мазкур ер ости иншооти 1971 йил Буюк Британия Мудофаа вазирлиги томонидан Қироллик кузатувчилар корпуси учун кузатув манзили сифатида қурилган. Ядро уруши бошланган тақдирда мажмуа портлашни аниқлаш, радио фаол чиқиндини кузатиш учун мўлжалланган эди.
“Miles & Barr” кўчмас мулк агентлиги маълумотига кўра, бункер бутун мамлакат бўйлаб тахминан 1500 жойда барпо этилган шунга ўхшаш қурилмаларнинг охиргисидир. Махсус ускуналари йўқолган бўлса-да, иншоот ҳамон қуруқ, йил давомида барқарор ҳароратни сақлаб туради.
Таъкидланишича, иншоот 1991 йилдан бери асл мақсадда ишлатилмаган.
С.Раҳимов, ЎзА