Божхоначилар 6 минг 940 қути ноқонуний сигаретни ушлаб қолди
Сурхондарё вилоятидаги “Айритом” чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан мамлакатимиз ҳудудига йирик миқдордаги акциз маркасисиз сигарет олиб кирилаётганида қўлга тушди.
Вилоят божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари божхона постига кириб келган юк автотранспорт воситасини белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказди.

Текширув чоғида қонунбузар ҳайдовчи сигарет маҳсулотини юк автотранспорт воситаси тиркамасининг олд қисмидаги девор оралиғига махсус хуфиёна жой тайёрлаб яширгани маълум бўлди. Яширинча олиб ўтишга уринилган 208 миллион сўмлик акциз маркасиз 6 минг 940 қути тамаки маҳсулоти вақтинча сақловга олинди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхоначилар терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири