Бош прокуратура: @noqonuniy_qurilish_bot ишга туширилди
Қурилиш ишлари кўпайгани, айниқса, ноқонуний бузиш ва қуриш ортидан пойтахт об-ҳавоси ёмонлашгани сир эмас. Бу нафақат чанг-тўзон кўтарилиши, балки шаҳар атмосфераси мўътадиллигида муҳим ўрин тутувчи дарахтлар кесилишига сабаб бўлиб келмоқда.
Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳрининг меъморий қиёфасини сақлаш, шаҳарсозлик нормаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ва ноқонуний қурилишларга чек қўйишга эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда самарали жамоатчилик назоратини ташкил қилиш учун “Ноқонуний қурилиш” махсус telegram-бот дастури ишга туширилди.
Ушбу (@noqonuniy_qurilish_bot) telegram-бот орқали пойтахтдаги ноқонуний қурилишлар ҳақида тезкор маълумот бериш мумкин.
Бош прокуратура аҳолига мурожаат қилиб, кўп қаватли уйлар ён-атрофи, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳи, яшил ҳудуд ёки бошқа жамоат жойларида ноқонуний қурилиш объектларига ким гувоҳ бўлса, зудлик билан юқоридаги бот орқали хабар йўллашни сўради.
Ўз уйимиз, маҳалламизга бефарқ бўлмаган ҳолда мазкур жамоатчилик назоратида фаол иштирок этайлик!
Н.Абдураимова, ЎзА