“Бор меҳримиз сенга болажон!” акцияси ўтказилмоқда
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси “Адолат” Социал-демократик партияси томонидан “Бор меҳримиз сенга болажон!” шиори остида Қорақалпоғистон Республикасида беғараз донорлик акцияси ўтказилмоқда.
Тиббий ва ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган болажонларимизнинг соғлиғини сақлаш, уларга янги умид ва ҳаёт бағишлаш мақсадида кўплаб фуқароларимиз ўз меҳр-мурувватларини амалда кўрсатмоқдалар. Акцияда талаба ёшлар, шифокорлар, ўқитувчилар, давлат ходимлари, турли касб вакиллари ва оддий юртдошларимиз фаол иштирок этмоқда. Улар Республика қон қуйиш станциясида беғараз қон топшириб, муҳтож болаларга ёрдам қўлини чўзмоқдалар.

Ҳар бир томчи қон бир болажон учун янги умид, янги ҳаётдир. Бу акция нафақат тиббий ёрдам кўрсатиш билан чекланмайди, балки жамиятимизда меҳр, ҳамжиҳатлик, инсонийлик ва савобли ишлар муҳитини янада кучайтиришга муҳим ҳисса қўшмоқда. Айниқса, бугунги кунда бундай инсонпарвар ташаббуслар орқали аҳолимиз ўртасида ижтимоий масъулият туйғусини ошириш ва ёш авлодни эзгу ишлар руҳида тарбиялаш жуда муҳим аҳамиятга эга.


Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партияси бу ташаббус орқали болаларимизнинг соғлом ва бахтли келажаги учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни мақсад қилган. Акция доирасида нафақат қон топшириш, балки болалар соғлиғи билан боғлиқ бошқа муаммоларга ҳам жамоатчилик эътиборини қаратиш кўзда тутилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.