Болалар Омбудсмани Тошкент шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонасига навбатдаги мониторинг ташрифини амалга оширди. Ташриф давомида ҳибсхонада сақланаётган вояга етмаганлар учун яратилган шароитлар ўрганилди.
Хусусан, вояга етмаганлар жойлаштирилган камералар ҳолати, уларнинг ётоқлари, овқатланиш, тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда санитария-гигиена шароитлари мавжуд меъёрларга мослиги кўздан кечирилди.
Мониторинг давомида вояга етмаганлар билан жамоавий суҳбатлар ўтказилди, айримлари билан эса индивидуал тарзда мулоқот қилинди. Суҳбатлар давомида улар тергов ва суд жараёнида ўзларининг процессуал ҳуқуқлари қай даражада таъминланаётгани ва ҳибсхонада уларга нисбатан муносабат ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
Айрим вояга етмаганлар тергов жараёнида процессуал нормалар бузилганини, адвокат томонидан етарлича малакали юридик ёрдам кўрсатилмаганини маълум қилдилар. Болалар Омбудсмани ушбу мурожаатларни белгиланган тартибда ўрганишни бошлади.
Ҳибсхонада вояга етмаганлар учун кутубхона, спорт майдончаси ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш хоналари (стоматология, рентген, УЗД) фаолият юритаётгани кузатилди.
Шунингдек, маҳбуслар учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларини буюртма асосида харид қилиш имконини берувчи махсус электрон тизим жорий этилган.
Шу билан бирга, мониторинг натижаларига кўра, тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар сони белгиланган меъёрдан ортиқлиги аниқланиб, бу ҳолат сақлаш шароитларига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.
Камераларнинг аксарияти таъмирталаб ҳолатда экани, у ердаги жиҳозлар эса сақланаётган вояга етмаганлар сонига мос эмаслиги аниқланди.
Мониторинг давомида аниқланган камчилик ва муаммолар юзасидан тегишли давлат идораларига Болалар Омбудсманнинг махсус таъсир чораларини назарда тутувчи ҳужжатлари тақдим этилади.
М.Эшмирзаева, ЎзА