Болалар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган барқарор механизмлар янада ривожлантирилади
Болалар омбудсмани ҳамда ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ўртасида амалий учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида томонлар бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида биргаликда амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг бориши ҳамда уларни босқичма-босқич самарали давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Болалар билан ишлашда дўстона ёндашув компетенциясини шакллантириш, одил судловда болалар имкониятларига оид халқаро ва миллий стандартларини кенг татбиқ қилиш, боланинг индивидуал эҳтиёжларини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, болаларга тааллуқли вазиятларда шахсий дахлсизлик ва махфийлик тамойилларига риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, бола манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларнинг билим ва амалий кўникмаларини мунтазам ошириб бориш, ҳудудлардаги масъул ходимлар салоҳиятини кучайтириш ҳамда бола ҳуқуқларини ишончли таъминлашга қаратилган барқарор механизмларни янада ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Учрашув якунида белгиланган йўналишлар бўйича ҳамкорликни барқарор давом эттириш, қўшма ташаббусларни самарали амалга ошириш ва тажриба алмашинувини янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА