Бокуда биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллиги кенг нишонланади
Туркий халқларнинг тарихий илмий-маданий меросини асраб-авайлаш, турколог олимларнинг ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда туркий дунё бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллигига бағишланган йирик анжуманлар ўтказилади. Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг тегишли Фармони ижроси доирасида ташкил этилаётган ушбу нуфузли тадбирлар “Туркий дунё ҳафталиги” мақомида ўтказилиши режалаштирилган.
Жорий йилнинг 29 июнидан 3 июлига қадар давом этадиган ушбу ҳафталик Озарбайжон Маданият вазирлиги, Озарбайжон Миллий фанлар академияси (ОМФА) ҳамда Илм-фан ва таълим вазирлиги томонидан юқори савияда ташкил этилмоқда. Шунингдек, нуфузли халқаро тадбирни ўтказишда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ), ТУРКСОЙ, Боку давлат университети, Туркий академия ҳамда Туркий маданият ва мерос фонди яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Ҳафталикнинг марказий воқеаси сифатида «Биринчи Туркология қурултойи: юз йиллик илмий ва маданий мерос» мавзусидаги халқаро конгресс белгиланган. Ушбу халқаро анжуманнинг расмий очилиш маросими муҳташам Ҳайдар Алиев марказида бўлиб ўтади. Конгресс ишида дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрадиган 80 нафардан зиёд таниқли турколог олимлар, етакчи экспертлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Боку давлат университети базасида ҳам йирик халқаро конференция ташкил этилади.
Тадбирлар дастурига кўра, 30 июнь куни ОМФА Президиуми биносида илмий панель муҳокамалари, шу куни кечқурун Денгиз бўйи миллий боғида кенг жамоатчилик учун катта концерт дастури намойиш этилади.
Анжуман иштирокчилари 1 июль куни Озарбайжоннинг тарихий ҳудуди — Қорабоғ ўлкасига (Ағдам, Шуша, Хонкенди шаҳарларига) саёҳат қилади. Ағдам Муғом марказида Ҳусайн Жовиднинг машҳур “Иблис” спектакли иштирокчилар эътиборига ҳавола этилади. 2 июль куни эса Қорабоғ университетида навбатдаги панель муҳокамаси ўтказилиб, унда туркология фанининг кейинги асрдаги устувор йўналишларини белгилаб берувчи тарихий Якуний ҳужжат (Декларация) қабул қилиниши кўзда тутилган. Шу куни Боку шаҳридаги Тарих музейида юбилей кўргазмаси ҳамда Миллий кутубхонада Туркий дунё кутубхоналари иттифоқининг конференцияси бўлиб ўтади.
“Туркий дунё ҳафталиги” 3 июль куни Миллий санъат музейида “Али бек Ҳусайнзода” мавзусидаги илмий семинар ҳамда Низомий кино марказида махсус фильм намойиши билан ўз ишини якунлайди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, 1926 йилда Боку шаҳрида бўлиб ўтган Биринчи Туркология қурултойи туркий халқлар тарихида, хусусан, алифбо ислоҳоти, адабий тил меъёрларини шакллантириш ва умумий маданий интеграция жараёнларида туб бурилиш нуқтаси бўлган эди. Орадан бир аср ўтиб ўтказилаётган ушбу юбилей тадбирлари нафақат ўтмиш меросга ҳурмат, балки бугунги кунда Янги даврни босиб ўтаётган Туркий дунёнинг илмий, маданий ва сиёсий жиҳатдан жипслашишини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА