Битта вужуд – икки шахс. Деновлик Сиам эгизаклари қандай яшамоқда?
Фотима ва Зуҳра Ҳолиевалар – Ўзбекистондаги ягона ажралмас сиам эгизаклари. Улар 2012 йилда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида дунёга келган. Тақдир тақозоси билан қизалоқлар бир муддат Андижон вилоятидаги “Мурувват уйи”да тарбия олган. 2025 йил бошида эса Денов тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази кўмагида ўз оиласи бағрига қайтарилди. Ҳозирда туманнинг Қўзичоқли маҳалласида яшаб, ҳудуддаги 23-мактабда таҳсил олмоқда.
Уларга барча зарур ижтимоий хизматлар кўрсатилиб, таълим олишлари учун махсус педагоглар жалб этилган. Қизлар уйда эмас, балки тенгдошлари қатори мактабда ўқишни афзал кўргани учун мактабда инклюзив синф ташкил этилди. Бу эса уларнинг жамиятдан узоқлашмасдан, аксинча, фаол ижтимоий ҳаёт кечириши учун муҳим имконият бўлди.
Фотима ва Зуҳранинг ҳаёт тарзи албатта бошқалардан фарқ қилади. Улар бир танада яшасалар-да, икки хил фикрлаш ва дунёқарашга эга. Фотима – чаққон ва сўзамон, Зуҳра эса теран фикрловчи, фантазияси кучли ва интеллектуал салоҳияти юқори.
Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, улар илк бор мактабга келганидаёқ ўзларини жуда хотиржам ва вазмин тутган. Кўп ҳолларда жисмоний имконияти чекланган инсонларда жамиятдан узилиш кузатилса, бу эгизаклар бундан мутлақо йироқ. Улар инсонларни яхши кўради, ўзларидан уялмайди ва ўз имкониятларини намоён этишдан қўрқмайди.
Албатта, кундалик ҳаётда қийинчиликлар ҳам йўқ эмас. Бири овқатланса, иккинчиси кутиб туради, бири уйғониб кетса, иккинчисининг ҳам уйқуси бузилади. Айрим пайтларда Фотиманинг шошқалоқлиги Зуҳрага ноқулайлик туғдириши мумкин. Лекин улар буни сабр ва ўзаро тушуниш билан енгиб ўтади.
Мутахассислар томонидан уларни ажратиш масаласи бир неча бор ўрганилган. Бироқ тос-чаноқ соҳасидаги умумий аъзолар сабаб операция қилиш имкони мавжуд эмас.
Қизлар нафақат назарий, балки амалий фанларда ҳам фаол. Улар ҳар йили ўтказиладиган “Сен истеъдодлисан” кўрик-танловида рассомчилик ва академик қўшиқчилик йўналишларида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Шунингдек, волейбол спорти билан ҳам шуғулланиб, турли мусобақаларда иштирок этишаётир.
[gallery-28628]
Фотима ва Зуҳра – икки танадаги ягона куч, ирода ва истеъдод намунаси. Уларнинг ҳаётга бўлган муҳаббати, ўзига ишончи ва яшашга интилиши ҳар қандай инсонни ҳайратга солади.
– Фарзандларимни маҳалламизда ҳамма яхши кўради, - дейди эгизакларнинг онаси Шоҳида Бердиева. – Ҳеч бир тадбир уларсиз ўтмайди. Яқинда шифохонада даволаниб келдим. Қизларим уй ишларини ҳам, дарсларини ҳам эплаб кетишди. Баъзан нега уларни аввалроқ олиб келмадим, деб ўйлайман. Фарзанд – Яратганнинг неъмати. Ҳеч бир бола ота-онасидан айро бўлмасин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Фотима ва Зуҳра Ҳолиеваларнинг ҳаёти – инсон иродаси, сабр-тоқатининг ёрқин намунасидир. Улар жисмоний жиҳатдан бошқалардан фарқ қилса-да, орзу-интилишлари, қобилияти ва ҳаётга бўлган муҳаббати билан ҳеч кимдан кам эмас. Муҳими, улар ўзларини жамиятнинг ажралмас қисми эканлигини ҳис этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DM1Y5VRWDYQ" title="Bitta vujud – ikki shaxs. Denovlik Siam egizaklari qanday yashamoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат, видео), ЎзА