Битирувчи ёшларга медаллар топширилди
Қорақалпоғистон санъат саройида умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медалларга тамомлаган ўқувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, барча битирувчи ёшларни қўлга киритган муваффақиятлари билан қутлади.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор фармон, қонун ва қарорлар қабул қилинди. Айниқса, Президентимизнинг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан қорақалпоғистонлик ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида ҳар йили қўшимча квоталар ажратилаётгани кўнгилларга алоҳида фахр туйғуларини бағишлайди.

Бугунги кунда ёшларни билимли, жисмоний томондан соғлом инсонлар этиб тарбиялаш ва камолга келтириш – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шунинг учун ҳам юртимизда Президентимиз раҳбарлигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва уларни муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, кўрсатилаётган бундай эътибор натижасида улар орасидан кўплаб истеъдодли, юртимизни дунёга танитадиган ёшлар етишиб чиқмоқда. Ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар натижасида битирувчилар орасидан муддатидан олдин олий ўқув юртларига кириш бахтига эришаётган ёшлар сони ортиб бормоқда.

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли 735 та таълим муассасасини, Президент, ижод ва 19 та ихтисослаштирилган мактабни жами 27 минг 615 нафар ёш битирди. Улар орасида 338 олтин, 98 кумуш медаль соҳиби бор. Шунингдек, 450 нафар битирувчи муддатидан олдин олий ўқув юртларига талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Тантанали тадбир давомида битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар тантанали равишда топширилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари