Бир оила тақдиридаги ўзгариш – катта эътибор самараси
Баъзан инсон ҳаётини ўзгартириш учун катта имконият ёки узоқ кутилган ёрдам эмас, ўз вақтида кўрсатилган эътиборнинг ўзи кифоя. Муҳими, муаммони шунчаки эшитиш эмас, унинг ортидаги эҳтиёжни англаш ва ечим сари бирга қадам ташлашдир.
Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Ширкент маҳалласида фаолият юритаётган ижтимоий ходим Гулзира Тўрақулова ҳам ўз ишида ана шу тамойилга амал қилади. У хонадонма-хонадон юриб, оилаларнинг шароитини ўрганади, эҳтиёжларини аниқлайди ва мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда уларнинг муаммоларини босқичма-босқич ҳал этишга кўмаклашади.
Зеро, ҳар бир оиланинг ўз дарди, эҳтиёжи ва имконияти бор. Шу боис ижтимоий ходимдан нафақат эътибор, балки ҳар бир ҳолатга индивидуал ёндашув ҳам талаб этилади.
Фарҳод Файзиевлар оиласи мисолида буни яққол кўриш мумкин. Оилада эр-хотиннинг ҳар иккисида ҳам ногиронлик мавжуд. Уч нафар фарзандни тарбиялаётган оила асосан ногиронлик нафақаси ҳисобидан кун кечиради.

Шунга қарамай, оиладаги мавжуд имкониятларни ишга солиш, даромад манбаини яратиш учун ҳаракат бошланди. Яқинда уларга фоизсиз кредит ажратилди. Ушбу маблағ эвазига хонадонга қорамол харид қилинди.
Энди бу чорва оиланинг кундалик эҳтиёжларини таъминлаш билан бирга, келгусида қўшимча даромад манбаига айланиши кўзда тутилмоқда. Яъни берилган кўмак бир марталик ёрдам билан чекланмай, оиланинг ўз имкониятига таяниб даромад топиши учун шароит яратмоқда.

Аслида, ижтимоий ҳимоянинг мазмун-моҳияти ҳам шунда – инсонга фақат ёрдам бериш эмас, балки унинг имкониятларини рўёбга чиқариш, оилага мустақил қадам ташлаши учун шароит яратиш.
Гулзира Тўрақулованинг меҳнати ҳам ана шу мақсадга қаратилган. Унинг фаолияти давомида бир оиланинг муаммоси енгиллашса, бир инсоннинг кўнглида эртанги кунга ишонч пайдо бўлса, бу касбнинг энг катта натижасидир.

Маҳалла ижтимоий ходимининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлангани ҳам унинг меҳнатига берилган муносиб баҳодир. Бу эътироф унинг зиммасидаги масъулиятни янада ошириб, одамлар оғирини енгил қилиш йўлидаги фаолиятига янги куч бағишлаши шубҳасиз.
Чунки баъзан бир оила ҳаётидаги кичик ўзгариш – катта умиднинг бошланиши бўлади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири