Бир лойиҳа ортидаги катта имконият
Камбағал оилалардаги ишсиз аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга қаратилган янги лойиҳа старт олди. "Ораста аёл" ташаббуси уларга нафақат касб, балки барқарор даромад манбаини яратишга ёрдам беради.
“Ораста аёл” лойиҳаси - шунчаки касб эмас, балки янги ҳаёт сари қадам. Баъзи лойиҳалар бир қарашда оддий кўринади, аммо уларнинг замирида катта мақсад, пухта режа ва юксак масъулият ётади. Ушбу ташаббуси ҳам худди шундай. Лойиҳа хотин-қизларни сартарошлик ва гўзаллик хизматларига ўқитиш, уларнинг хонадонида “уй-салон” ташкил этиш ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлашдек кўринса-да, аслида бундан анча теранроқ мақсадга хизмат қилади. Гап ижтимоий реестрга киритилган камбағал оилалардаги ишсиз аёлларнинг ўз касбига, доимий мижозларига ва энг муҳими, шахсий даромад манбаига эга бўлиши ҳақида кетмоқда.
Бугун касби ва даромади бўлмаган аёл эртага ўз хонадонида хизмат кўрсатишни йўлга қўя олиши мумкин. Бунинг учун у аввал касб сирларини ўрганади, амалий кўникмаларга эга бўлади, зарур шароит ва асбоб-ускуналар билан таъминланади. Кейин эса ўз фаолиятини қонуний асосда бошлаб, даромад топишга, ҳатто янги иш ўринларини яратишга ҳам қодир бўлади. Лойиҳанинг асл моҳияти ҳам шу – шунчаки ёрдам бериш эмас, балки инсоннинг ўзи мустақил даромад топиши учун кенг имконият яратиш.

"Бу қандай амалга оширилади?"
Лойиҳа доирасида хотин-қизлар учун икки ойлик ваучер асосида касбий курслар ташкил этилади. Уларнинг хонадонларида хизмат кўрсатиш учун шароит яратиш, зарур профессионал жиҳозлар ажратиш ва фаолиятни йўлга қўйишга кўмак берилади. Фаолият бошланганидан кейин ҳам иштирокчилар маслаҳат ва менторлик ёрдами билан қўллаб-қувватланади. Бу шунчаки алоҳида чора-тадбирлар эмас, балки ягона мақсадга хизмат қиладиган тизим: касб + иш жойи + асбоб-ускуна + расмий фаолият + кейинги кўмак.
Лойиҳага кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 350 та “уй-салон” ташкил этиш режалаштирилган. Амалга ошириш муддати 2026 йил март ойидан 2027 йил мартгача бўлиб, унинг умумий қиймати 14.8 миллиард сўм этиб белгиланган.

– Менимча, бу лойиҳанинг энг муҳим жиҳати рақамлардагина эмас, – дейди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси ва ахборот хизмати раҳбари Гулноза Алимова. – Унинг ортида касб ўрганаётган аёл, ўз даромадини топиш имкониятига эга бўлаётган оила ва маҳаллада шаклланаётган янги муҳит турибди. Чунки, камбағалликни қисқартириш фақат бугунги эҳтиёжни қоплаш эмас, балки эртанги кун учун доимий даромад манбаини яратиш ҳамдир.
Қайд этилганидек, “Ораста аёл” лойиҳасининг асосий мақсади хотин-қизларга ўз меҳнати билан оёққа туриш, иқтисодий мустақилликка эришиш ва оиласи фаровонлигига ҳисса қўшишда кўмаклашишдан иборат. Зеро, катта ўзгаришлар баъзан бир хонадонда, бир касб ва биринчи мижоздан бошланади.

Мазкур ташаббус аёлларнинг ўз меҳнати билан оёққа туриши, оила фаровонлигига ҳисса қўшиши ва жамиятда янги ижтимоий муҳит шаклланиши учун муҳим пойдевор яратади.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА