“BioVak Y24” биологик препарати қишлоқ хўжалиги шўрланган ерларида янги органик муҳитни яратмоқда
Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов маҳаллий олимлар ва “Yuma Green” корхонаси томонидан яратилган “BioVak Y24” биологик препарати тажриба майдонлари билан танишди.
Қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг тавсиясига кўра, ҳозирда деградацияга учраган ерларда шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани “Борли” ҳудудида деградацияга учраган 3 гектарда “BioVak Y24” биологик препаратини қўллаш орқали тажриба асосида 5 фоизлик шўрланган сув билан ғўза етиштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида шўрланган ерларда шўрланган сув билан экин етиштириш ва ҳосилдорликни оширишда янги агротехнологияларни етказишга асос бўлади.

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 4,9 миллиард сўмни ташкил этади, шундан 1,07 млрд. сўми давлат илмий дастурлари доирасида ажратилган. Корхона йилига 2000 тоннадан 3000 тоннагача доривор ўсимликлар хомашёсини чуқур қайта ишлаш имкониятига эга.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, доривор ўсимликлар экстрактлари асосида биологик фаол моддалар олишнинг замонавий илмий лаборатория базаси яратилиб, 15 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Сўнги йилларда “BioVak Y24” препарати қўлланилганда асосий экин турлари бўйича юқори натижалар қайд этилди. Хусусан, мазкур препарат ўсимлик илдиз тизимини 2-3 баробар ортиқча ривожлантиради. Қурғоқчиликка қарши яхшигина қалқон сифатида илдизларни 1–1,5 метр чуқурликкача етиб боришини таъминлаб, ер остидаги табиий намлик ва озуқа қатламини ўзлаштиришга ёрдам беради. Шунингдек, экстремал иссиққа чидамли бўлиб, ёзнинг энг иссиқ пайтида ҳам ўсимликнинг чангланиш хусусиятини сақлаб қолади, стресс ва ўсимлик гул ташлашининг олдини олади.
Бундан ташқари, препарат вегетация даврида ҳосилнинг етилиш муддатини 20-25 кунга қисқартиради, бу эса етиштирувчилар учун вақт ва ресурс тежаш демакдир. Шу билан бирга, “BioVak Y24” препарати қўлланилганда иқтисодий натижаларни ҳам кўрсатади.
Хусусан, пахта экувчи хўжаликларда анъанавий ҳосилга қўшимча 15 центнер ҳосил олиниб, ҳар гектардан 12 миллион сўм қўшимча даромад ва 11,2 миллион сўм соф фойда олишга эришилди. Буғдой етиштиришда эса ҳосилдорлик анъанавий 60 ц/га дан 80 ц/га дан юқори кўрсаткичга кўтарилди, бу эса ҳар гектардан 6 миллион сўм қўшимча даромад ва 5,4 миллион сўм соф фойдани кўрсатади.
Препарат 2024-2025 йил мавсумларида республикамизнинг барча ҳудудларидаги фермер хўжаликларида муваффақиятли синовдан ўтди. Масалан, Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида ушбу биопрепарат қўлланилиб, гектаридан 60-68 центнердан ҳосил олинди. Шунингдек, дўлдан талафот кўрган далаларда препарат қўлланилиши натижасида 43 ц/га ҳосил олишга эришилди.
Таъкидлаш лозимки, препарат сўнгги йилларда помидор ва бошқа полиз экинларида учраётган вирус ва замбуруғли касалликлар кўпайишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. “BioVak Y24” билан ишлов берилган майдонларда касаллик қўзғатувчилар бартараф этилиб, ўсимлик иммунитети мустаҳкамланади.
Натижада, ҳатто касалланган ўсимликлар ҳам даволаниб, соғлом, сифатли ва витаминларга бой ҳосил беради. Илмий кузатувлар шуни кўрсатдики, мазкур биопрепарат ўсимликнинг эндоген гормонал балансини оптималлаштириб, стресс омилларига қарши адаптив қобилиятини кескин оширади.
Биринчидан, илдиз тизимининг 1-1,5 метргача чуқурлашиши агрофизика нуқтаи назаридан ўсимликнинг автоном сув таъминотига ўтишини англатади. Бу эса суғориш ресурслари чекланган шароитда ҳосилни сақлаб қолишнинг яхши илмий усули. Иккинчидан, препаратнинг фунгицид ва бактерицид хусусиятлари кимёвий воситаларга нисбатан селектив афзалликка эга. У тупроқдаги фойдали микрофлорани нобуд қилмаган ҳолда, фақат патогенларга қарши биотик тўсиқ яратади.
Кўриниб турибдики, замонавий агросаноат мажмуаси илм-фансиз ривожлана олмайди. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги бугунги кунда экстенсив ривожланишдан интенсив, илм-фанга асосланган тараққиёт йўлига ўтди. Сув танқислиги шароитида эса сувнинг ҳар қатрасини тежаш шу ҳаракатларга қўшилган муносиб ҳисса бўлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА