Биатлон: Томмазо Жакомель ва Эльвира Эберг спринта тенгсиз
Германиянинг Оберхоф шаҳрида Биатлон бўйича жаҳон кубогининг тўртинчи босқичи илк кунида эркаклар ва аёллар ўртасида спринт пойгалари бўлиб ўтди.
Унда эркаклар ўртасида 10 км. масофада ташкил этилган спринт баҳсларида италиялик Томмазо Жакомель белгиланган масофани 25 дақиқа 1.7 сонияда босиб ўтди. Ундан 13.2 сония ортда қолган германиялик Филипп Наврат иккинчи ўриндан жой олди. Норвегиялик Йоханнес Дале-Шевдал эса мусобақани учинчи поғонада якунлади.


Жаҳон кубогининг аёллар ўртасидаги 7,5 километрда ташкил этилган спринт мусобақасида швециялик Эльвира Эберг масофани 22 дақиқа 0,6 сонияда босиб ўтди. Финляндия терма жамоаси аъзоси Суви Минккинен иккинчи, франциялик Жулия Симон учинчи бўлиб маррага етиб келди.
Мусобақанинг навбатдаги пойгаси 10 январь санасида бўлиб ўтади. Унда эркаклар 12,5 км. қувиш пойгасида, аёллар эса 4 × 6 км эстафетада қатнашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА