Бешариқда шоколад ишлаб чиқарилади
Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги Яккатут қишлоғи нақ қўшни Тожикистон билан чегарада, вилоят, туман марказидан анча олисда. Аммо қишлоқ одамлари меҳнатсевар ва иқтидорли. Мана, Жаҳонгирни олайлик. Аслида Жаҳонгир кўп қатори оддий оилада тарбия топган қишлоқнинг тўпори йигитларидан. Аммо изланувчан. Ёшман, демасдан қатъий қарорлар қабул қилди. Омад ёр экан, ҳозир катта жамоага бош.
– Дастлаб уй шароитида мевани қуритиб Қозоғистонга олиб бориб юрдим. 2018 йилда берилган имкониятлардан фойдаланиб “Бешариқ агро экспорт” МЧЖ ташкил этдим, – дейди унинг раҳбари Жаҳонгир Носиров. – Ҳозир корхонамизда 50 та доимий 450 та касаначилар ишлайди.

Ишни ўрик қуритиш, сўнг ундан баргак тайёрлаш, кейин олча, олхўри, олма, шафтоли... борингки, бодом-у ёнғоққача қайта ишлаб, сифат киритиб, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган тамға билан қадоқлаб Яккатут боғларидаги сархил меваларни хорижий бозорларга етказаман деб дунё кезди.

– 2018 йилдаёқ Россия ва Украинага, кейин Европанинг Польша Италия Германия каби давлатларига экспорт қила бошладим. 2023 йилдан 1 млн, 2024 йилдан 2 млн, ўтган йили эса 3 млн долларлик қуруқ меваларни экспорт қилишга эришдим. Бу йил эса экспортни 5 млн доллардан оширишга имкониятимиз бор, – дейди Жаҳонгир Носиров.

Хўш бунга у қандай эришмоқчи? Бунинг учун у хорижий ҳамкорларни Бешариққа олиб келди. Бу ерда польшалик инвестор С.Григорувич ҳамкорлигида йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Энди мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортга йўналтиришдан ташқари шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу лойиҳа ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Яъни 200 та янги иш ўрни яратилади, ҳамда туманнинг экспорт салоҳияти сезиларли даражада ошади.

Лойиҳани 2026 йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш белгиланган бўлиб, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг асосий қисми Европа давлатларига экспорт қилиниши режалаштирилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/9feOmb6y32s?si=LK-GcaPBBByDV-Ub" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов