Беш юз йил олдинги ғалаба: Бобурнинг Панипатдаги тарихий музаффарияти
Деҳлидан қарийб тўқсон чақирим шимолда қадимий Панипат шаҳри жойлашган. Жамна дарёси бўйидаги бу сўлим манзил қадимда Пандупрастҳа деб аталган. Қадимий ҳинд ривоятларига кўра, уни “Маҳобҳорат” достони қаҳрамонлари бунёд этган.
Панипат Деҳли томон йўл очувчи муҳим дарвоза ҳисобланган. Ҳиндистон тарихидаги энг йирик саккизта ҳарбий тўқнашувнинг учтаси айнан шу шаҳар яқинидаги кенг текисликда юз берган. Улар орасида 1526 йилнинг 21 апрель куни юз берган жанг алоҳида аҳамият касб этади. Бу тўқнашув нафақат Ҳиндистон тақдирини, балки бутун Шарқ тарихини ўзгартириб юборди. Ушбу куни Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг нодир ҳарбий салоҳиятини намойиш этиб, янги буюк салтанат пойдеворини яратди.
Тарихий манбалар, хусусан, Бобурнинг ўз хотиралари ва бошқа Шарқ муаррихлари ёзувларида душман қўшинининг сони бир лак, яъни юз минг киши деб кўрсатилади. Бобурнинг лашкари эса бор-йўғи ўн икки минг жангчидан иборат эди. Айрим ҳинд ва хориж тадқиқотчилари бу борада бошқа рақамларни ҳам келтиради. Улар Иброҳим Лўдий қўшинини қирқ минг, Бобур лашкарини саккиз минг атрофида деб таъкидлайди. Рақамлар турлича бўлса-да, кучлар нисбати кескин даражада нотенг экани очиқ ҳақиқатдир. Ўз даврининг қудратли қўшинига қарши чиқиш жуда катта жасорат талаб қиларди. Сон жиҳатдан бундай улкан устунликка эга бўлган рақибни енгиш учун беқиёс саркардалик тафаккури зарур эди. Лўдий лашкаридаги жанговар филлар ҳам Бобур жангчилари учун жиддий хавф туғдириши табиий ҳол саналган.
Темурийзода саркарда жангга фавқулодда пухта тайёргарлик кўрди. Унинг қатъий буйруғига мувофиқ жангчилар етти юзта аравани топиб, уларни қайиш ва арқонлар билан бир-бирига мустаҳкам боғлаб чиқди. Бу ўзига хос мустаҳкам мудофаа ғови вазифасини ўтади. Аравалар билан тўсилмаган очиқ ва заиф нуқталарда чуқур хандақлар қазилди. Атрофдаги қалин кўп йиллик дарахтлар кесилиб, улардан қўшимча пишиқ тўсиқлар ясалди. Моҳир мерганларга ана шу аравалар ва тўсиқлар ортида пистирмада туриб, душманни ўққа тутиш вазифаси юкланди. Бобур ўз қўшинини шундай моҳирона жойлаштирдики, душман ҳеч бир томондан кутилмаган зарба бера олмас эди. Ҳар бир қисм сардорларига аниқ ва қатъий вазифалар тақсимлаб берилди. Қўшиннинг жанговар тартиби ва қандай ҳаракат қилиши лозимлиги қатъий интизом асосида ишлаб чиқилди.
Бобур бу тарихий тўқнашувда даврининг энг сўнгги ўточар қуроллари ва илғор ҳарбий санъат ютуқларидан унумли фойдаланди. У аввалги Кўли Малик ва Қандаҳор жангларида орттирган бой тажрибаси асосида тўлғама усулини қўллади. Тўлғамага тайинланган махсус тезкор қисмлар олдига ўта мураккаб вазифа қўйилган эди. Душман яқинлашиб келиши билан бу чавандозлар унинг сафини ўнг ва чап томондан шиддат билан айланиб ўтди. Сўнгра орқа томондан тўсатдан ҳужум бошлади. Асосий тўқнашувни дастлаб Маҳдий Хожа бошқарувидаги илғор қисм бошлаб берди. Бироқ унинг жасур аскарлари душманнинг ҳаддан ташқари қаттиқ қаршилигига учради. Лўдий қўшини катта куч билан босим ўтказа бошлади.
Бу хавфли ҳолатни узоқдан кузатиб турган Бобур дарҳол Аҳмадий Парвоначи, Муҳибали Халифа ва Турдибек қисмларини тезкор ёрдамга йўллади. Айни пайтда қўшиннинг бош нуқтасидан Муҳаммадали Кўкалдош ва Шоҳмансур Барлос каби тажрибали беклар ҳужумга ташланди. Жанг ўта шиддатли ва муросасиз тус олди. Ўнг қанот, чап қанот, асосий куч ва тўлғама қисмлари бир вақтнинг ўзида, аниқ ҳисоб-китоб асосида ҳаракатга келди. Улар улкан душман лашкарини ҳар томондан темир халқадек зич ўраб олди. Иброҳим Лўдий қўшини қанчалик кўп ва важоҳатли бўлмасин, бундай тезкор ҳужумлардан гангиб қолди. Улар ўзларини ўнглашга ва қайта саф тортишга мутлақо улгурмади. Тизимли ва мантиқий бошқарув туфайли Бобур лашкари сон жиҳатдан устун душманни пароканда қилди.
Панипат текислигидаги ушбу оламшумул зафар тарих зарварақларига битилди. Бу жанг Бобурнинг буюк саркарда ва теран мутафаккир сифатидаги юксак иқтидорини дунёга яққол намоён этди. Сон жиҳатдан қарийб ўн карра кўп душманни маҳв этиш ҳарбий санъат тарихидаги нодир ҳодисалардан биридир. Ушбу шарафли ғалаба туфайли Заҳириддин Муҳаммад Бобур шимолий Ҳиндистонда узил-кесил ўз ҳокимиятини ўрнатди. Қарийб уч юз йил давом этган ва жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган янги буюк империяга асос солинди. Панипатдаги музаффарият фақатгина қурол кучи натижаси эмас эди. Бу ўткир ақл, мукаммал ҳарбий тадбир ва боболаримизнинг юксак саркардалик маҳорати тантанаси сифатида авлодлар хотирасида яшайди.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА