Барқарор тараққиёт йўлидаги қатъий сафарбарлик
Мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун муҳим таянч бўлган соҳаларни модернизация қилиш ҳамда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш — яқин давр ичида Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг энг устувор мақсадига айланди. Президентимиз томонидан илгари сурилган ва ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз сифат жиҳатидан бутунлай янги ривожланиш босқичига қадам қўйди.
Қайд этиш лозим, кейинги йилларда амалга оширилган таркибий ва институционал ўзгаришлар туфайли иқтисодиётда эркин бозор тамойиллари мустаҳкамланди, миллий валютамизнинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди, валюта бозори либераллаштирилди ва солиқ тизими тубдан ислоҳ қилинди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий ва маҳаллий инвестициялар учун жозибадор муҳит яратиш борасидаги қатъий қадамлар туфайли юзлаб йирик саноат корхоналари, янги инфратузилма объектлари ва замонавий ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилди.
Энг муҳими, бу ислоҳотларнинг марказида «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя мужассам бўлиб, минг-минглаб янги иш ўринлари яратилди, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя бўйича мутлақо янги ва самарали манзилли тизим шакллантирилди.
Бироқ эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, дунёда содир бўлаётган мураккаб геосиёсий ва иқтисодий жараёнлар фонида миллий иқтисодиётимизни янада мустаҳкамлаш, эҳтимолий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида тезкор ва оқилона қарорлар қабул қилиш кун тартибидаги энг долзарб масала бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилиши мамлакатимизнинг яқин ва олис истиқболдаги иқтисодий хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашга қаратилган навбатдаги муҳим ва стратегик майдон вазифасини ўтади.
Давлатимиз раҳбари глобал иқтисодиётдаги эҳтиёжлар ва асосий ҳамкор давлатларда иқтисодий фаоллик суръати маҳаллий корхоналаримиз ва экспортчиларимизга нечоғли муҳимлигини чуқур таҳлил қилиб, барча раҳбарлардан юқори сафарбарлик ва масъулиятни талаб этди. Йиғилишда аниқ, манзилли ва илмий асосланган чора-тадбирлар белгилаб берилди. Қолаверса, тармоқ ва ҳудудларга бириктирилган экспертлар ҳамда «ақл марказлари»га қисқа муддатда чуқур асосланган таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.
Ушбу таклифлар «ресурс – инфратузилма – лойиҳа – ишлаб чиқариш – тушум – экспорт» тамойили бўйича узвий боғланган яхлит ва самарали кластер занжирини ташкил этади. Бу ёндашув замонавий иқтисодиёт назариясидаги «қиймат яратиш занжири» ва «синергетик самарадорлик» тамойилларига тўлиқ мос келади. Ҳар бир бўғиннинг кейингисига узвий боғланиши ресурс ва капиталнинг амортизация ва қайтарилиш самарадорлигини кескин оширади. 2027 йил учун макроиқтисодий параметрлар, бюджет, инвестиция ва экспорт дастурлари бутунлай янгича ёндашув асосида шакллантирилади. Инқирозга қарши бошқарувда сафарбарлик тизими ташқи рақобатга чидамлиликка қаратилган стратегик моделлаштириш ҳисобланади. Бу бюджет ва инвестиция сиёсатини консерватив ва эгилувчан вариантда пухта режалаштириш, ички имконият ва резервларни максимал ишга солиш имконини беради.
Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган ушбу видеоселектор йиғилиши Янги Ўзбекистоннинг стратегик бошқарув тизими қай даражада мослашувчан, тезкор ва узоқни кўра оладиган салоҳиятга эга эканини яна бир бор яққол намоён этди. Яқин йиллар ичида қўйилган кучли иқтисодий база ва институционал ислоҳотлар бугунги таҳликали глобал даврда юртимизнинг ривожланиш барқарорлигини таъминловчи ишончли суянч бўлиб хизмат қилмоқда.
Белгилаб берилган вазифалар — келажакдаги эҳтимолий геоиқтисодий ва молиявий инқирозларга қарши қўйилган мустаҳкам қалқон ҳамда миллий иқтисодиётимизни янги сифат босқичига олиб чиқувчи истиқболли харитадир.
Айтиш керакки, «Сафарбарлик сценарийси» ва занжирли ривожланиш моделининг амалиётга жорий этилиши келгусида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларимизни ташқи конъюнктура салбий таъсиридан ҳимоя қилади. Бюджет барқарорлиги ва фискал интизомни таъминлайди. Янги ва барқарор иш ўринларини яратишга ҳамда аҳоли фаровонлигини мунтазам ошириб боришга хизмат қилади.
Президентимиз раҳбарлигида белгилаб берилган вазифаларнинг тўлиқ ва самарали ижроси, энг аввало, давлат бошқарувининг барча бўғинларида масъулият, интизом ва аниқ натижага қаратилган ёндашувни талаб этади. Бу жараёнда парламент ҳам четда турмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қонунларни такомиллаштириш, ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ҳамда Президент топшириқларининг жойларда ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш орқали белгиланган мақсадларга эришишга муносиб ҳисса қўшади.
Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир раҳбар натижа учун шахсан жавобгар бўлгани каби парламент ҳам халқ манфаатларини ҳимоя қилувчи олий вакиллик органи сифатида ислоҳотларнинг амалдаги самарасини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, кучли парламент назорати, масъулиятли ижро ва халқ билан доимий мулоқот уйғунлиги Янги Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим кафолатидир.
Манзура Салимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзА