Бандликни таъминлаш ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида фуқароларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, уларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ва ҳаёт сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 8-9 апрель кунлари Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган “Меҳнат ярмаркаси” ҳам мазкур ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди, десак муболаға эмас.
Тадбирнинг биринчи кунида вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни камайтириш ҳамда камбағалликни қисқартириш доимий назоратда эканлигини таъкидлади.

Мазкур ярмарка ишсиз фуқаролар, “Ижтимоий ҳимоя реестри”да турган шахслар ҳамда таълим муассасаларини тамомлаган ёшларни иш билан таъминлашга қаратилди. Унда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан жами 215 та корхона ва ташкилот иштирок этиб, 4508 та бўш иш ўрнини таклиф қилди.

Ярмаркада йирик саноат ва хусусий корхоналар ҳам фаол иштирок этди. Жумладан, тўқимачилик, саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият олиб бораётган “JSM textile”, “BAHT-TEXTILE”, “TIANCHENG STONE”, “Baraka Non”, “Petrawool", “Çalık Enerji”, “Zarafshon Industrial Technology” каби МЧЖлар томонидан юзлаб бўш иш ўринлари таклиф этилди. Бу эса иқтисодиёт тармоқларида иш ўринлари яратиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини тасдиқлайди.

Тадбир давомида 2338 нафар фуқаро иштирок этиб, 284 нафарининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, юзлаб фуқароларга ишга жойлаштириш бўйича йўлланмалар берилди, айримлари касб-ҳунарга ўқишга жалб этилди ва имтиёзли кредитлар олиш учун тавсиялар тақдим қилинди.

Ярмарка доирасида аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар, хорижда ташкил этилган тартибда ишлаш имкониятлари бўйича тушунтиришлар берилди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири