Бағдодда болалар кунига бассейн очилди (+видео)
–Илгари ёшлигимизда қишлоқ ариқларида чўмилар эдик. Бассейн қуришдан аввал бир оз чўчигандик. Чунки анчагина маблағ сарфладик. Қолаверса ҳавзадан сув кетмайдиган технологияни жорий қилдик, - дейди тадбиркор Ғайратжон Юсупов. –Худога шукр, 3 ойда битказдик. Фарзандларимиз, маҳалла болалари қувониб чўмилаётганини кўриб хурсанд бўлиб кетдим. Чарчоқларим ҳам чиқиб кетди.
Чуваланчи Бағдод туманининг энг чет қишлоқларидан бири. 1 июнь болажонлар байрами арафасида тадбиркор Ғайратжон Юсупов маҳалладаги бўш ва ташландиқ аҳволдаги 8 сотих майдонда талаб даражасидаги чўмилиш – сузиш ҳавзасини қуриб битказди. У ишга тушган биринчи куниёқ чор атрофдан ёшлар оқиб кела бошлади. Бу ерда ечиниш-кийиниш, ювиниш хоналари мавжуд. Сув эса роҳатижон. Қувончи ичига сиғмаган болалар мириқиб чўмилмоқда. Чунки сув ҳамиша, туну-кун тоза, санитария талабларига жавоб беради.


–Бассейнга зарур бўлган барча меъёрий жиҳозларни ўрнатганмиз. Насос ва филтрлар бор. Кимёвий дорилар ҳам етарли. Сув узлуксиз тозалаб турилади, - дейди Ғайратжон Юсупов.
Тадбиркор маҳалла еттилиги ҳамкорлигида сузиш бўйича мураббий олмоқчи. Келгусида сувда “қувноқ ўйинлар” ташкил этиш, мусобақалар ўтказишни ҳам мақсад қилганлар.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GwkCB5dwW80" title="Bagʻdodda bolalar kuniga basseyn ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА