Аёллар ва болалар ҳуқуқлари – жамият барқарорлигининг муҳим кафолати
Мамлакатимизда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан асраш, оила институтини мустаҳкамлаш бугунги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармоннинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш мақсадида айни пайтда Бухоро вилоятига бириктирилган республика ишчи гуруҳи ҳудуддаги масъул идоралар билан ҳамкорликда кенг қамровли тарғибот тадбирларини амалга оширмоқда. Таълим муассасалари, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида ташкил этилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари ва семинарлар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шундай учрашувлар Бухоро шаҳридаги “Ҳамид Олимжон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 29-сонли умумтаълим мактабида, Олот тумани Маънавият ва маърифат масканида, тумандаги 2-сонли умумтаълим мактабида, шунингдек, Когон шаҳридаги “Туркистон” ва “Абдулла Қодирий” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтди.
Тадбирларда жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда таълим муассасалари ходимлари фаол иштирок этди. Очиқ мулоқотларда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий сиёсат лабораторияси директорининг ўринбосари Адиба Нуритдинова, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлим бошлиғи Барно Аширматова, вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Ортиқова сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар ва белгиланган вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Семинар-тренингларда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, тазйиқ ва зўравонликнинг турлари, унинг салбий оқибатлари, жабрланган шахсларга кўрсатиладиган ижтимоий, ҳуқуқий ҳамда психологик ёрдам масалалари кенг муҳокама қилинди.
Тадбирларда оилаларда соғлом ижтимоий-психологик муҳитни шакллантириш, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва масъулият туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Чунки ҳар бир оилада тинчлик ва ҳамжиҳатлик қарор топса, бутун жамиятда барқарорлик ва тараққиёт таъминланади.
[gallery-28833]
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди, амалда учраётган муаммолар юзасидан фикр ва таклифларини билдирди. Бу эса аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Мазкур фармон ижроси доирасида олиб борилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари нафақат ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, балки аёллар ва болаларга нисбатан ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликка қарши муросасиз муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА