Аёллар лидерлигини ривожлантириш – барқарор тараққиёт омили
Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда мазкур соҳада қабул қилинган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Натижада гендер сиёсати декларатив тамойилдан амалий натижалар бераётган тизимли жараёнга айланиб бормоқда.
Бу каби ёндашувлар бугунги кунда сув таъминоти соҳасида ҳам изчил жорий этилмоқда. Жумладан, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан гендер тенглик тизим ривожининг стратегик устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, хотин-қизларнинг профессионал салоҳиятини ривожлантириш ва уларнинг раҳбарлик лавозимларидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда жамият бошқаруви томонидан халқаро ҳамкорлик асосида амалий семинар ташкил этилди. Унда Жаҳон банки, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти мутахассислари иштирок этди. Тадбир гибрид форматда ўтказилиб, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги иштирокчилар анъанавий тарзда, ҳудудий корхоналар вакиллари эса онлайн платформа орқали қатнашди.

Семинарнинг асосий мақсади жамият ва унинг ҳудудий корхоналарида фаолият юритаётган раҳбар хотин-қизларнинг лидерлик кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг соҳадаги ролини мустаҳкамлаш ҳамда профессионал ўсиш учун зарур институционал механизмларни шакллантиришдан иборат бўлди.

Тадбирни очиб берган бошқарув раиси ўринбосари Нодир Хўжамов гендер сиёсати сув соҳасининг барқарор ривожланишида муҳим омил эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, сув таъминоти тизимининг самарадорлиги, аввало, малакали ва ташаббускор кадрлар салоҳиятига боғлиқ бўлиб, хотин-қизларнинг бошқарув жараёнларидаги фаол иштирокини таъминлаш корпоратив ривожланишнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.

Семинар давомида халқаро экспертлар томонидан аҳоли ўртасида ўтказилган сўровномалар натижалари асосида сув хизматлари кўрсатишда гендер омилларининг аҳамияти юзасидан таҳлилий маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ташаббуслар, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида мутахассислар томонидан батафсил тақдимотлар ўтказилди.

Интерактив шаклда ташкил этилган муҳокамалар, гуруҳ ишлари ва очиқ мулоқотлар иштирокчиларга ўзаро тажриба алмашиш, долзарб муаммолар юзасидан амалий ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда янги ташаббусларни илгари суриш имконини берди.

Таъкидлаш жоиз, гендер тенгликни таъминлаш нафақат ижтимоий адолат тамойили, балки иқтисодий ва институционал барқарорликни таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, сув таъминоти каби стратегик аҳамиятга эга тармоқда хотин-қизлар лидерлигини қўллаб-қувватлаш соҳанинг барқарор тараққиётига хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимида 28 мингдан ортиқ ходим фаолият юритмоқда. Уларнинг 4 320 нафари хотин-қизлар бўлиб, 85 нафари раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилмоқда. Шунингдек, 88 нафар мутахассисга олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун тавсияномалар берилгани уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилмоқда.
Мазкур ташаббуслар сув таъминоти соҳасида гендер тенгликни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг лидерлик салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда тармоқнинг институционал барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА