Асосий ставка 14 фоиз даражасида сақлаб қолинди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 29 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Марказий банк маълум қилишича, мамлакатда умумий инфляция пасайиш тенденциясини сақлаб қолмоқда ва йил якунига бориб 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, нархлар барқарорлашув жараёнининг секинлашиши ҳамда ташқи иқтисодий омиллар таъсирининг кучайиши кузатилмоқда.
2026 йил март ойида йиллик инфляция 7,1 фоизгача пасайди. Базавий инфляция эса 5,7 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, инфляцион кутилмалар маълум даражада юқори сақланиб қолмоқда.
Мутахассислар фикрича, иқтисодий фаолликнинг ошиши, юқори ялпи талаб ҳамда ташқи бозорлардаги ноаниқликлар шароитида инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга тушириш учун қатъий пул-кредит сиёсати давом эттирилиши зарур.
Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8,7 фоизга ўсди. Бунда хизматлар, савдо ва қурилиш соҳаларидаги фаоллик иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлди. Шу асосда 2026 йил учун иқтисодий ўсиш прогнози 7–7,5 фоизгача оширилди.
Ташқи иқтисодий муҳитда геосиёсий зиддиятлар кучайиб, жаҳон бозорида нефть ва озиқ-овқат нархларининг ошиши хавфи сақланиб қолмоқда. Бу эса келгусида импорт нархлари орқали ички инфляцияга босим ўтказиши мумкин.
Шу билан бирга, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг мустаҳкамланиши, олтин нархининг юқори даражада сақланиши ҳамда экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг ортиши ички валюта бозори барқарорлигини қўллаб-қувватламоқда.
Марказий банк келгусида инфляция динамикаси, инфляцион кутилмалар ва ташқи хатарларни диққат билан кузатиб боради. Зарур ҳолларда пул-кредит сиёсати қатъийлаштирилиши мумкин.
Қайд этилишича, Марказий банкнинг асосий мақсади инфляцияни 5 фоизгача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолишдан иборат.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 17 июнь кунига белгиланган.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА