Ариқ бўйига кўмилган хавф ёхуд биологик чиқиндиларни бошқаришнинг хавфсиз йўли
Катта ҳовлига кўп йиллар хизмат қилган олапар тўсатдан ўлиб қолди. Итнинг жасадини томорқанинг бир четига, ариқдан бироз нарига кўмиб қўя қолишди. Маҳаллаларда бу оддий ва табиий ҳолдек туюлади.
Орадан кўп ўтмай, шу ариқ сувидан ичган қўшнининг моллари касаллана бошлади. Маълум бўлишича, ит қандайдир юқумли касалликдан ўлган экан. Унинг чириган танаси оқар сувни ҳам заҳарлаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, нобуд бўлган уй ҳайвонларини дуч келган жойга кўмиш мана шундай кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Айниқса, ҳайвоннинг нимадан ўлгани номаълум бўлса, унинг жасади тупроқ ва сувни заҳарлаши, атрофга оғир инфекциялар тарқатиши ҳеч гап эмас.
Мана шундай кўзга кўринмас, лекин жуда хавфли муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 11 июнь куни “Нобуд бўлган ҳайвонларнинг жасадини кремация қилиш тартиби тўғрисида”ги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Кейинги йилларда юртимизда уй ҳайвонлари сони ортиб, чорвачилик жадал ривожланаётгани сабабли бундай ҳужжат жуда зарур эди. Янги низом ҳайвонлар жасадини қабул қилиш, ташиш, вақтинча сақлаш ва хавфсиз йўқ қилишнинг ягона ва қонуний қоидаларини белгилаб берди. Мазкур ҳужжатнинг давлатимиз, табиатимиз ва оддий аҳоли учун фойдаси жуда катта.
Биринчи навбатда, у аҳоли саломатлиги ва осойишталигини асрашга хизмат қилади. Эндиликда уй ҳайвони ўлганда уни қаерга ва қандай кўмишни билмай боши қотган фуқароларга аниқ ва хавфсиз ечим кўрсатилади. Энг муҳими, юқумли касалликларнинг маҳаллаларда тарқалиб кетишига йўл қўйилмайди. Оиламиз ва фарзандларимиз соғлиғи хавфсиз бўлади.
Бундан ташқари, ҳужжат экологиямизни, яъни тупроқ ва ичимлик сувларимизни заҳарланишдан асрайди. Жасадларни далаларга, йўл чеккаларига ёки сув бўйларига ташлаб кетиш каби хунук ҳолатларга чек қўяди.
Давлат учун эса бу чорвачилик тизими ва ветеринария назоратини кучайтириш, кутилмаган эпидемияларнинг олдини олиш ҳамда биологик чиқиндиларни йўқ қилишнинг замонавий, халқаро стандартларга мос ва шаффоф тизимини яратиш демакдир.
Янги тартибга кўра, ҳар бир ҳолатда ҳайвон жасади аввало ветеринария мутахассиси томонидан кўздан кечирилади. Зарурат туғилганда лаборатория текширувлари ўтказилиб, ўлим сабаби аниқланади. Жасадлар очиқ қолдирилмай, фақат махсус транспорт воситаларида ёки ёпиқ контейнерларда ташилади. Агар ҳайвон юқумли касалликдан ўлгани аниқланса ёки сабаби номаълум бўлса, у махсус крематорийда, яъни юқори ҳароратли печда куйдириб йўқ қилинади. Муҳими, бу жараёнлар тўлиқ ҳужжатлаштирилади.
Амалиётда ҳайвонлар жасадларини ноқонуний кўмиш ёки очиқ ҳудудларга ташлаб кетиш ҳолатлари жуда кўп учрайди, – дейди “Эколог” жамоат бирлашмаси раиси Наргис Қосимова. – Шу пайтгача бу аҳоли ва табиат учун жиддий хавф туғдириб келаётган эди. Шу боис мазкур низом ана шундай хавфларнинг олдини олиш, юртимизда ветеринария-санитария хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва утилизация жараёнида назоратни кучайтириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ҳужжатда жасадларни қабул қилишдан тортиб, уларни йўқ қилишгача бўлган ҳар бир қадам аниқ кўрсатиб қўйилган.
Бу тизимнинг самарали ишлаши фақат қонун-қоидаларга боғлиқ эмас. Жараён оддий одамларнинг бундан қанчалик хабардор эканлигига ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли янги низомнинг мазмун-моҳиятини халққа оддий, тушунарли тилда етказиш, маҳаллалар, мактаблар ва ветеринария муассасаларида кенг тарғиб қилиш лозим.
Бу фуқароларимизнинг биологик чиқиндиларни тўғри бошқариш борасидаги экологик маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириб, барчамизнинг хавфсиз ва тоза муҳитда яшашимизга хизмат қилади.
Марҳабо Ҳожиакбарова,
ЎзА мухбири