Амир Темур ва унинг ворислари даврида табобат илмининг юксалиши
Инсоният тарихида юқумли хасталиклар ҳамиша катта хавф туғдирган. Амир Темур ва темурийлар даврида бундай офатларнинг олдини олиш бевосита давлат миқёсидаги вазифага айланди. Бу даврда орасталик ва тозалик қоидаларига қатъий амал қилинган. Халқни тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун юзлаб янги ҳовуз ва ариқлар қазилган. Тарихий битикларнинг гувоҳлик беришича, сув ҳавзаларини ниҳоятда тоза сақлаш орқали юқумли дардлар тарқалишининг олди олинган.
Тозалик назорати билан бир қаторда шаҳарларда муҳташам шифохоналар бунёд этилган. Манбаларда улар “Доруш-шифо” деб аталади. Тарихчилар Шарафуддин Али Яздий, Фасиҳ Хавофий ва Хондамир асарларида бу ҳақда нодир маълумотлар учрайди. Ушбу масканларда мадраса таълимини олган юзлаб моҳир табиблар меҳнат қилган. Ҳиротда Умаршайх мирзонинг турмуш ўртоғи Маҳдиулё Милкат оқа қурдирган шифохона ўзининг бетакрор меъморий ечими билан ном қозонган. Шифохона ва унинг шимолидаги Дорал-хуффоз биноси орасида гўзал ҳовуз жойлашган эди. Табиблар айнан шу ҳовуз атрофида беморларни кўздан кечириб, даволашган. Шунингдек, Ҳиротдаги машҳур Боғи Зоғон ичида ҳам махсус шифохона фаолият юритган.
Темурийлар даври шифокорлари фақат даволаш иши билан чекланиб қолмаган. Улар шифохоналардан ташқари мадрасаларда мударрислик қилиб, ёшларга табобат сирларини ўргатишган. Олимлар аввалги алломаларнинг тиббиётга оид асарларига араб, форс ва туркий тилларда теран шарҳлар битишган. Улар орасида гўзал шеърлар ёзган ижодкорлар ҳам талайгина эди. Ибн Арабшоҳ ва Шарафуддин Али Яздий хабарларига кўра, Соҳибқирон Шомдан энг кучли табибларни Самарқандга бошлаб келган. Улар орасида табиблар сардори Мавлоно Жалолиддин ва Мавлоно Сулаймон ҳам бор эди. Муаллифлар гуруҳи томонидан тайёрланган “Амир Темур жаҳон тарихида” асарида ёзилишича, Соҳибқироннинг шахсий табиби вазифасини Мавлоно Фазлуллоҳ Табризий бажарган. Саройда Иззаддин Масъуд Шерозий ва Мавлоно Фаррух сингари етук мутахассислар ҳам хизмат қилган.
Бу даврда инсон танаси тузилишини ўрганиш бўйича оламшумул илмий асарлар яратилди. Машҳур олим Мансур ибн Муҳаммад табобатга оид қимматли китоблар таълиф этди. Унинг Амир Темур набираси Пир Муҳаммад Баҳодирга бағишланган асари катта аҳамиятга эга. “Ташрих-и Мансури” номи билан танилган бу китоб тиббиёт оламида нодир топилмадир. Рисоланинг муқаддимасида одам танаси тузилиши тўлиқ тасвирланади. Олим суяклар, мушаклар, қон томирлар ва асаб толаларининг жойлашувини ўта аниқлик билан баён қилган. Китоб хотимасида мураккаб тана аъзолари ҳақида мушоҳада юритилади. Муаллифнинг ўз устози шарафига ёзган “Кифояйи Мансури” асари ҳам машҳурдир. Зайналобиддин Кашмирийга тақдим этилган мазкур битикда соғлом тана ҳолати, касаллик сабаблари ҳамда даволаш усуллари ёритилган.
Темурий шаҳзодалар ота-боболарининг илмпарварлик йўлини муносиб давом эттирдилар. Шоҳрух Мирзо саройида асли хуросонлик Шамсиддин Одам ва Низомиддин Шерозий ҳурмат топган. Манбаларда ёзилишича, 1427 йили Шоҳрухнинг ўғли Бойсунғур Баҳодур оғир хасталикка чалинади. Шунда мазкур икки табиб шаҳзодани қисқа вақт ичида оёққа турғазади. Мирзо Улуғбек эса Самарқандда тиббиёт илмини янада юқори поғонага олиб чиқди. Унинг таклифига биноан кермонлик табиб Бурҳонуддин Нафис Кермоний пойтахтга келиб, ҳукмдорга шахсий шифокорлик қилган. Олим 1424 йили Нажибуддин Самарқандийнинг “Касалликларнинг сабаблари ва аломатлари” асарига шарҳ битиб, уни Улуғбекка бағишлайди. Шунингдек, Кермоний қаршилик табиб Али Қаршийнинг “Ал-Муъжаз” асарига ҳам моҳирона шарҳ ёзган.
Сўнгги Темурийлар ҳукмронлиги йилларида Ҳирот шаҳри чинакам тиббиёт ўчоғига айланди. Ҳусайн Бойқаро саройида Шамсиддин Муҳаммад, Муҳаммад Мўъмин ва Қутбиддин Муҳаммад каби олимлар фаолият юритди. Ғиёсиддин Муҳаммад эса фаннинг кўплаб тармоқларини эгаллаган эди. У “Муолажоти илоҳий” номли асарга мазмунли шарҳ тузган. Дарвиш Алининг шифокорлик маҳоратини Алишер Навоий жуда юқори баҳолаган. У шифохонада беморларни даволашда ўзига хос муолажа усулларини қўллаган. Бошқа бир етук олим Мавлоно Камолиддин Масъуд Шервоний Гавҳаршод оқа ва Ихлосия мадрасаларида дарс берган. У мантиқ ва шеърият илмларида ҳам пешқадам бўлиб, томирдан қон олиш усулини мукаммал эгаллаган эди. Ушбу олим талабалар учун иккита дастуриламал китоб ёзиб қолдирган.
Бу даврда табиблар орасида алоҳида хасталиклар бўйича чуқур ихтисослашиш кузатилади. Мавлоно Низомиддин Абдулҳай қон томир хасталикларини даволашда беқиёс мутахассис саналган. У Алишер Навоий қурдирган Доруш-шифода ишлаб, катта шуҳрат қозонган. Унинг номи шу қадар таниқли эдики, Хожа Аҳрор бетоб бўлганида табибни Самарқандга чақиртиришади. Табиб тез орада буюк пирни даволаб, оёққа турғазади. Ҳиротга қайтгач, у Бойқаро саройида хизматни давом эттиради ва ҳарамдаги беморларни даволайди. Хулоса қилиб айтганда, Темурийлар даврида табобат илми юксалган. Давлат хазинасидан ажратилган маблағлар натижасида инсон саломатлиги олий қадрият даражасига кўтарилган.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА