Алишер Саъдуллаев бўлажак автомобилсозлар билан учрашди
Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда агентлик ҳузуридаги бир қатор лойиҳалар жамоаси пойтахтимиздаги Турин политехника университети фаолияти билан танишди.
Маълумки, ушбу нуфузли олийгоҳ юртимизда автомобилсозлик, машинасозлик, энергетика саноати ҳамда архитектура каби етакчи соҳаларни юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, келажак муҳандисларини тайёрлашда муҳим ўринга эга.


Ташриф доирасида айнан мана шу муҳим йўналишлар бўйича таҳсил олаётган талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашув давомида йигит-қизларнинг соҳага оид замонавий таклиф-ташаббуслари, ишлаб чиқариш ва архитектурага қаратилган креатив стартап ғоялари қизиқиш билан тингланди.



Мулоқот якунида университет раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, бўлажак мутахассис ёшлар учун янада кенгроқ имкониятлар яратиш ва уларнинг инновацион лойиҳаларини амалий қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА